Сартарошхоналар ёпиқ: Ангела Меркел сочини кимга «олдириши»ни айтди (фото)
Коронаинқироз кўпларнинг бошини қотириб қўйди, тўғрироғи, соч олдирай десанг ҳаммаёқ карантин — биронта сартарошхона ишламайди. Икки йўл қолади: ё қайчини қўлга олиш ёки бўлмаса сочларни қўйиб юбориш... Бу муаммо немис сиёсатчилари, хусусан, Ангела Меркел «боши»га ҳам тушдими? «Focus» нашри шу мазмунда сиёсатчиларга савол йўллади.
Карантинга қарамай, аксарият сиёсатчиларнинг ташқи кўриниши ўша-ўша, сочлари ҳам жойида. Ҳатто Ангела Меркелнинг сочлари бир миллиметрга ҳам ўсмагандек.
Кутилганидек, аксарият сиёсатчилар нашрнинг сўровини жиддий қабул қилишмади. Аммо «соч масаласи»га эътиборлилар ҳам топилди, хусусан, Ангела Меркел. Матбуот котиби жавоб ёзишича, канцлернинг макияжи ва соч турмагига унинг ассистенти (аёл киши) қараб турибди. Албатта, Роберт Кох институти тавсияларини унутмаган ҳолда.
Қолганлар эса сочларини ўстиришга мажбур (ҳаммадаям ассистент йўқ), масалан, Малу Драйер (Рейнланд-Пфалц бош вазири), Даниэл Гюнтер (Шлезвиг-Голштейн бош вазири) ва Мануэла Швезиг (Мекленбург-Олд Померания бош вазири) ўсиқ сочлар ва янги имижга кўникишларига тўғри келяпти. Улар ҳам миллионлаб немислар сингари сартарошхоналарни соғинишган, дейилади хабарда.
«Сочини ўзи тўғрилаб, бўяшни уддалайдиганлар ҳам топилади, аммо профессионалга етмайди барибир. Бош вазирнинг бошқа иложи йўқ», — дейди Малу Драйернинг матбуот котиби.
Нашр юқоридагилардан бу борада ҳатто сиёсатчиларга ҳам осон бўлмаяпти, дея хулоса чиқарган (таниқли адибимиз ёзганидек, сартарошга ҳамма салом беради...) Аммо аксарият сиёсатчиларнинг бенуқсон соч турмакларини кўриб, беихтиёр, улар ҳам ўз-ўзига сартарошлик бобида анча ўсибди деган яхши гумон пайдо бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter