Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева зўравон куёв воқеасига муносабат билдирди

Саида Мирзиёева зўравон куёв воқеасига муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева тўй вақтида келинни урган куёв воқеасига муносабат билдирди.

«Келинни танловда ғолиб бўлишга журъат этгани учун, тўйда урган куёв видеоси жамиятимизда катта резонанс уйғотди.

Бу ҳодиса қаерда содир бўлгани муҳим эмас, ўзимиздами ёки қўшни юртдами, икки кун олдинми ёки икки йилми – фарқи йўқ. Бу жирканч вазиятга бизнинг муносабат муҳим.

Агар бу ҳодиса сизни ва атрофингиздагиларни ғазаблантирган, ҳайратга солган бўлса, демак атрофингизда соғлом жамоа бор.

Мабодо «аёл эркакка ён босиши шарт», «ўзи айбдор, тили узун бўлса керак» каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир.

Биз ҳаммамиз ривожланган, маданиятли юртда, бой ва бахтли яшашни хоҳлаймиз. Демак, ҳар биримиз аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини  англашимиз ва шу қарашда қатъий туришимиз зарур.

Бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш,  бир-бир бўлиб туради-да, деб оддий қараш мумкин эмас.

Ва калтабин куёвтўрани қоралаб, келинга раҳмимиз келар экан, ўз фарзандларимизга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлмаслик, яъни мактабни битиргач ўқишни тақиқламаслик, иложи борича тезроқ турмушга беришга ёки уйлантиришга ҳаракат қилмаслик, ўз ақли билан яшашга рухсат бериш муҳимдир.

Айнан шу боис бизга истиқболли кенг йўлларни очадиган, аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарур. Таълим бизга ҳаётимизни қандай ўтказишни танлаш имконини беради», деб ёзади Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтиш жоизки, мазкур ҳодиса нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам кенг муҳокама қилинган. Жумладан, рус маданият вакиллари томонидан кескин танқидга учраган.

Шунингдек, видео Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россияда, қолаверса, Жанубий Корея, Америка, Шарқ давлатлари YouTube каналлари ва расмий нашрларида машҳур бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг