Президентликка номзодлар томонидан қандай иқтисодий ташаббуслар илгари сурилмоқда?
Жорий йилнинг 25 июнь ва 2 июль кунлари бешта сиёсий партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган 4 нафар номзод вакиллари ўртасидаги теледебат эфирга берилди. Таъкидлаш жоизки, номзодларнинг вакиллари ўртасида бўлиб ўтган мазкур теледебат кенг жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.
Албатта, бундай кўрсатувларнинг ташкил этилиши биринчи навбатда сайловчиларнинг номзодлар тўғрисида кенгроқ маълумотларга эга бўлишига олиб келса, иккинчидан, номзодлар жамиятнинг муаммоларини қанчалик ичига кира олганлиги ҳамда мазкур муаммоларни ечишга бўлган ташаббуслари билан яқиндан танишишга имконият яратади. Бу эса номзодлар ўртасида рақобатга ҳамда сайловчиларнинг кимга овоз бериш бўйича мустақил қарор қабул қилишига ёрдам беради.
Шу нуқтаи назардан, 25 июндаги теледебат «Ўзбекистонда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш» масалаларига бағишланган бўлса, 2 июль кунги теледебатда «Давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш» соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббуслар борасида муҳокамалар бўлиб ўтгани муҳим. Мазкур муҳокамаларда барчани қизиқтирган асосий масалалардан бири — ижтимоий-иқтисодий масалалардир.
Биз мазкур теледебатларда сиёсий партиялардан Президентликка кўрсатилган номзодларнинг дастурларидаги муҳим иқтисодий ташаббуслар, илгари сурилаётган таклифларнинг айрим жиҳатларини қуйидаги мулоҳазаларимизда имкон қадар очиб беришга ҳаракат қиламиз.
Хусусан, Халқ демократик партияси (ХДП) томонидан кўрсатилган номзоднинг дастурида иқтисодий масалалар кўпроқ ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик тамойилларини илгари суриш орқали ҳал этишга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Аҳолининг муаммоларини ечишда ижтимоий ҳимоя тизимини жорий этиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларни ишсизликдан ҳимоя қилишга устуворлик берилган.
Номзоднинг дастурида жамиятдаги иқтисодий муаммоларни ечишда «Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти» меҳанизмларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур партия мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда хорижий инвесторлар билан бирга маҳаллий инвесторларга ҳам катта эътибор бериш ташаббусини илгари сурмоқда. Шу билан бирга «Иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш» ғояси тарафдори эканлигини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) партиясидан кўрсатилган номзоднинг вакиллари ўтказилган теледебатда мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун ялпи ички маҳсулотни (ЯИМ) 2030 йилга бориб икки баробарга ошириш ёки 160 млрд. АҚШ долларига етказиш мақсад этиб белгиланганига эътибор қаратилди. Бунинг учун келгуси етти йил ичида иқтисодиётга 250 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган. Мамлакатнинг иқтисодий қудратини янада оширишда илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш номзоднинг сайловолди дастуридаги асосий ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилди.
Тадбиркорликни янада ривожлантиришга устуворлик берилиши ҳамда ҳар бир туманда камида 1000 тадан янги иш ўрни яратиш ҳам ЎзЛиДеП партиясининг асосий таклифларидан биридир. Яна бир муҳим жиҳати мазкур партия ҳам келгусида Ўзбекистонни ижтимоий давлатга айлантириш бош мақсади эканлигини мазкур теледебатларда яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси («Адолат» СДП) томонидан ҳам жамиятдаги иқтисодий масалаларни ечишда бир қатор аниқ масалалар илгари сурилди. Партия томонидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик модели тавсия этилмоқда. Мазкур моделни жорий этиш асосида барча соҳаларда ижтимоий адолатни қарор топтириш тамойилини амалиётга жорий этиш асосий ташаббуслардан бири сифатида тақдим этилди.
Шу билан бирга иқтисодий муаммоларни ҳал этишда солиқ юки ва маъмурчилигини такомиллаштириш, яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш каби таклифлар илгари сурилди. Яна бир муҳим ташаббус: рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларни даромадларига прогрессив солиқ тизимини жорий этиш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга устуворлик бериш асосий вазифалардан бири сифатида таъкидланди.
Ўзбекистон Экологик партиясининг (Экологик партия) дастурида иқтисодий муаммоларнинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтилган. Дебатларда партия томонидан Президентликка кўрсатилган номзоднинг вакили жамиятдаги иқтисодий муаммоларни ҳал этишда биринчи навбатда «Яшил тараққиёт учун» тамойилини амалиётга тезроқ жорий этишни таклиф этди.
Бунинг учун «Яшил иқтисодиёт»га ўтишни янада жадаллаштириш орқали фаровон жамиятни барпо этиш муҳим эканлигини алоҳида таъкидланди. Экологик партия томонидан илгари сурилган ташаббуслардан энг муҳимлари – қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда энергетика хавфсизлигини таъкинлаш бўйича берилган таклифлардир, назаримизда.
Хулоса қилиб айтганда, ХДП, ЎзЛиДеП ҳамда «Адолат» СДП томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурларидаги ижтимоий давлат тамойилларини ривожлантириш бўйича ташаббуслар мазмунан бир-бирига ўхшайди. Айрим масалаларда эса жиддий фарқлар ҳам мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, теледебатларда жамиятда мавжуд муаммоларни ҳал этишдаги аниқ механизмлар ва уларни ишлаши билан боғлиқ масалаларга изоҳ бериш, аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган масалалар, хусусан, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда муҳим ўзгаришларга олиб келадиган ташаббусларнинг аҳамияти, уларга холис баҳо бериш имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим, деб ўйлаймиз. Шундагина теледебатлар орқали сайловчилар иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг энг муҳим муаммолари билан боғлиқ саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўладилар.
Нодирбек Расулов,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter