Эрондаги президентлик сайловларида қатнашиш учун 80 киши рўйхатдан ўтди
30 майдан 3 июнгача давом этган президентликка номзодларни рўйхатга олиш жараёнида жами 80 киши рўйхатдан ўтган.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, улар орасида – собиқ президент, 3 нафар амалдаги вазирлар, 13 нафар собиқ вазирлар ҳамда 40 дан ортиқ собиқ ва амалдаги депутатлар, жумладан, 4 нафар аёл бор.
Номзодларнинг энг кичиги 43 ёшда, энг каттаси 75 ёшда.
Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам сайловда номзод бўла олмайди, чунки яна етти кун давомида уларнинг ишлари Конституция қўриқчилари кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, номзоднинг президентликка муносиб ёки йўқлиги аниқланади. Иштирокчиларнинг якуний рўйхати 11 июн куни эълон қилинади.
Конституцияни қўриқлаш кенгаши Эронда парламентдан юқори орган бўлиб, у парламент аъзолари томонидан қабул қилинган қонунларнинг конституцияга мувофиқлигини таҳлил қилишдан ташқари, сайловга номзодларни тасдиқлаш билан шуғулланади. Шунингдек, у йирик давлат лавозимларига, жумладан, президентликка номзодларни ҳам тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ислом республикасида жорий йилнинг 28 июнига белгиланган муддатидан олдинги сайловлар президент Иброҳим Раисийнинг вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter