Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент сенатор Бахтиёр Сайфуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент сенатор Бахтиёр Сайфуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон маданияти ва санъати оғир жудоликка учради. Таниқли маданият арбоби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев 2023 йил 14 февраль куни 72 ёшида вафот этди.

Б.Сайфуллаев 1951 йил 1 апрелда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни драма театри ва кино актёри мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини 1972 йилда Республика ёш томошабинлар театри актёри ҳамда режиссёри сифатида бошлади. Кейинчалик Тошкент маданият институти катта ўқитувчиси, факультет декани ўринбосари, факультет декани вазифаларида меҳнат қилди. Номзодлик ишини ҳимоя қилгач, Тошкент давлат маданият институтида педагогик фаолиятини давом эттирди.

Ўз фаолияти мобайнида Б.Сайфуллаев республика миқёсида оммавий маданий тадбирларни ташкил этиш бўйича моҳир режиссёр сифатида танилди. 2005–2020 йилларда маданият вазирининг биринчи ўринбосари, маданият вазири каби масъул лавозимларда самарали фаолият юритиб, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, миллий маданият ва санъатимиз ривожини янги босқичга кўтаришда жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилди.

Профессор Б.Сайфуллаев 2012–2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори вазифаларида хизмат қилиб, мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди.

Б.Сайфуллаев 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб, мамлакатимизда маданият ва ёшлар сиёсатини амалга ошириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишларга оид ҳуқуқий базани мустаҳкамлашда ўзининг бой билим ва тажрибасини намоён этди.

Б.Сайфуллаевнинг ўзбек маданияти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени ҳамда «Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби» унвони билан мукофотланган эди.

Таниқли маданият арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Б.Сайфуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, О.Назарбеков, М.Йўлчиева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг