Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанкда «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди

Ўзсаноатқурилишбанкда «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Ўзсаноатқурилишбанк Бош офисида «Очиқ эшиклар куни» бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Банк томонидан жорий қилинган Коррупцияга қарши менежмент тизими талаблари доирасида олиб борилган ишлар бўйича маълумот берилди.

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда илғор хорижий тажрибалар кенг қўлланилиб, халқаро стандартлар жорий этилди. Ташкилотларнинг бу борадаги ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида рейтинг баҳолаш индикаторлари ишлаб чиқилди.

Президентимиз томонидан шу йил 12 январда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор бу борада дастурамал бўлмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида коррупцияга қарши курашиш ишлари халқаро мезонлар асосида йўлга қўйилди. Натижада жорий йилнинг июнь ойида Банкка Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификати тақдим этилди.

«Очиқ эшиклар куни» жамоатчилик олдида муассаса фаолияти очиқлиги, хусусан, коррупцияга қарши курашишда амалга оширилаётган ишларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Коррупцияга қарши менежмент тизими талаблари доирасида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинди.

– Коррупцияга қарши менежмент тизимининг жорий этилгани банк фаолиятида хатарлар хавфини камайтиради, манфаатдор томонлар (акциядорлар, ҳамкорлар, мижозлар, инвесторлар, қолаверса, жамоатчилик) олдида ошкоралик ва ишончлиликни таъминлайди, ташкилот ва манфаатдор томонларни коррупциянинг сальбий оқибатларидан ҳимоялайди, муассасанинг ушбу йўналишда амалдаги қонунларга мувофиқ ишлаётганини намоён этади, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Комплаенс-назорат департаменти бошқарма бошлиғи Шавкат Низаметдинов. – Шу боис жорий йилда ушбу тизими қайта кўриб чиқилиб, ISO 37001 халқаро стандарти ҳамда қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилди, 20 та ички меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди, коррупциявий хавф-хатарлар харитаси тузилиб, тизим бўйича ички аудит ўтказилди.

Бундан ташқари, Бош банк ва ҳудудий тармоқлардан 3700 дан зиёд ходимлар коррупцияга қарши бошқарув тизими, хизмат вазифаларини бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарлар ҳамда уларни баҳолаш тизими бўйича ўқитилди, 816 нафари тест синовларидан ўтказилди. Халқаро стандарт талаблари асосида таҳсил олган 92 нафар раҳбар ходимга коррупцияга қарши бошқарув тизими менежери мақомини берувчи сертификат тақдим этилди.

Тадбирда иштирокчилар Банк тизимида коррупцияга оид мурожаатлар билан ишлаш, хизмат текширувларини ўтказиш, аризалар реестрини юритиш механизмлари билан таништирилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъуллари томонидан ҳамкорликдаги ишларга бағишланган тақдимот намойиш этилиб, унда Ўзсаноатқурилишбанк тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсати, одоб-аҳлоқ кодекси, манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида низом, алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида регламент, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти каби ички меъёрий ҳужжатлар пухта ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, тижорат банклари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги «Очиқ эшиклар куни» тадбири савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг