Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун 5 млн евролик лойиҳа молиялаштириляпти – ЕИ
Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва «Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашиш» номли 5 млн евролик лойиҳани молиялаштиради.
Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним «Иқтисодий шарҳ» журналига берган интервьюсида маълум қилди.
«Мақсад – мамлакатни, унинг ҳукуматини, тегишли муассасалари ҳамда тадбиркорлик ҳамжамиятини пухта ҳисоб қилинган ва равон шаклда ЖСТга аъзо бўлишига ёрдам беришдан иборат», – дейди Адриан хоним молиявий кўмакни изоҳларкан.
Элчи, шунингдек, 2017 йилдан буён олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф қилиб, кенг кўламли ислоҳотлар тўлиқ самара бериши учун вақт талаб қилинишини, ўз ўрнида, яна қатор соҳаларда ислоҳотлар қилиш зарурлигини қайд этди.
«Мамлакатда, жумладан, барқарор «яшил» ва инклюзив ўсишни таъминлаш, камбағаллик кўламини қисқартириш, тенгсизлик ва коррупцияга қарши курашиш, ҳам ташқи, ҳам ички бозорларга инвестицияларни жалб қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш учун таркибий ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш зарур.
ЖСТга кириш ҳеч бир мамлакат учун енгил жараён эмас, лекин Ўзбекистон ЖСТга аъзо давлатлар, айниқса, ЕИ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистон ўз сиёсатини халқаро савдо қоидалари билан мувофиқ ҳолга келтиради, бу эса, пировардида, мамлакатни янада рақобатбардош қилади ва жаҳон иқтисодиётига интеграциясини янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон ўз қўшнилари ўртасида воситачи сифатида ҳаракат қилишга ва жаҳон сиёсатида ўзининг фаол ўрнини топишга тайёр эканини кўриш қувонарли. Бу ЕИ ва барча халқаро субъектлар томонидан эътироф этилмоқда», – дейди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter