Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда лицензиялаш жараёни тўлиқ электронлаштирилади

Ўзбекистонда лицензиялаш жараёни тўлиқ электронлаштирилади

Жорий йилнинг 3 март куни Тошкент шаҳридалицензиялаш ҳамда рухсатнома беришга доир ҳужжатларни оптималлаштириш йўналишида амалга оширилган ишларнинг натижасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Адлия вазирлиги ҳамда АҚШ Халқаро ривожланиш агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган.

Тадбирда таъкидландики, лицензия ва рухсатнома олиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш учун тадбиркорлар ўртасида аноним сўров ўтказилган. Сўровда республика бўйича қарийб 40 мингга яқин тадбиркорлар иштирок этган. Унинг натижасида тадбиркорлар соҳада бир қатор муаммолар борлигини таъкидлашган.

Жумладан, респондентларнинг 32 фоизи охирги марта лицензия ёки рухсатномани олишда тўловнинг юқорилиги, 23 фоизи лицензияни бериш муддатининг кечикиши, 22 фоизи ортиқча ҳужжатларнинг талаб қилиниши, 3 фоизи ваколатли органлар томонидан пул ёки бошқа иш (хизмат)лар қилинишини талаб қилиниши каби муаммоларга дуч келганлигини билдирган.

Қонунчилигимизга кўра, лицензия — бу махсус ҳуқуқ. Яъни одатда шуғулланиш мумкин бўлмаган (тақиқланган) фаолиятни бошлаш учун рухсатнома ҳисобланади. Хавфли ишларда фаолият олиб бориш қоидаларини ўрнатиш ва уни назорат қилиб бориш зарурияти мавжуд бўлганда лицензиялаш орқали тартибга солинган.

Бироқ, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, лицензия ва рухсатномалар орасида ҳисобни юритиш, маблағ ундириш ёки шунчаки назорат қилиш учун жорий қилинганлари ҳам бор. Бундай лицензиялар бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида спекулятив ҳаракатларни олдини олиш мақсадида жорий қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қўйган.Мисол учун: инвестиция маслаҳатчиси, суғурта брокери, ноширлик, концерт-томоша фаолиятлари.

Лицензиялаш ҳамда рухсатнома беришга доир ҳужжатларни оптималлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти давомида тадбиркорларни ортиқча оворагарчилигига олиб келаётган лицензиялар ҳам аниқланди. Масалан, ветеринария дорихонаси очиш учун тадбиркор дастлаб Ветеринария қўмитасининг ҳудудий органларидан лицензия олса, шу вет-дорихонасида вакцина савдоси билан шуғулланиш учун қўмитанинг ўзидан бошқа лицензия олиши лозим.

Экспертлар фикрича, мамлакатимиздаги бизнес муҳитни ҳар тарафлама қулай қилиш учун тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини кенг жорий қилиш лозим.

Лицензия олиш ўрнига ваколатли органни хабардор қилиш тартибини кенг жорий қилиш орқали тадбиркорлик фаолиятини бюрократик тўсиқларсиз амалга ошириш имконияти яратилади.

Тадбирда мазкур тизимнинг афзалликлари ҳақида ҳам тўхталинди. Хусусан:

– тадбиркор давлат органидан фаолиятини бошлашга розилик олишни кутиб ўтирмайди, натижада коррупциявий ҳолатларнинг содир этилиш хавфи камаяди;

– соҳада “хуфёна” иқтисодиётнинг улуши пасаяди, тадбиркор ўз фаолиятини ошкора ва қонун асосида олиб бориш имконияти яратилади;

– хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият билан шуғулланишнинг жозибадорлиги ошади ва ушбу фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорлар сони кескин кўпаяди;

– давлат органларининг иш юкламасини камайишига олиб келади.

Давра суҳбати давомида бугунги кунда 70 та лицензия ва рухсатномаларни хабардор қилиш тартибига ўтказиш мақсадга мувофиқлиги айтилди. Бундан ташқари, техник жиҳатдан тартибга солиш орқали лицензиялаш тартибини бекор қилиш мумкин бўлган фаолият турлари ҳам аниқланган. Жумладан, тиббий буюмларни (шприц, перчатка, катетор) ишлаб чиқариш фаолияти шулар жумласидандир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг