Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки ойда 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Икки ойда 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда мутасадди идоралар ҳамкорлигида «Ҳаж» ва «Умра» зиёратларини тартибга солиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги икки ойда «Ҳаж» ва «Умра» зиёратини қонунга хилоф равишда ташкил этишнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган текширувларга кўра, тегишли лицензияга эга бўлмасдан, «Умра» хизматини кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу билан бирга, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида «Умра» фаолиятини лицензиясиз амалга оширган 24 та турфирмада текширув ўтказилиб, уларнинг 19 тасига 75 млн сўмдан жарималар қўлланилган (5 таси рекламага доир қонунчиликни бузганлиги учун Рақобат қўмитаси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний кўриб чиқиш учун юборилган).

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган.

Маълумот ўрнида, Ҳукуматнинг 2024 йил 12 октябрдаги «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги  668-сон қарорига мувофиқ, ушбу зиёрат хизматини фақатгина тегишли лицензияси бор фирмаларгина (12 та) кўрсата олади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг