Ўзбекистон темир йўллари учун 34 та электропоезд сотиб олинади
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 34 та замонавий электропоездлар сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги расмий сайтида маълум қилинди.
Вазирликка кўра, бундан мамлакат туризм салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш, темир йўл транспортида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадлари кўзланмоқда.
Мазкур тендер электропоездларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни етказиб бериш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни ҳам назарда тутади.
Ҳаракат таркибини янгилаш, замонавий электропоездларни харид қилиш бўйича ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa ва CRRC-Dalian каби дунёнинг энг илғор компаниялари билан музокараларни бошлаган.
Қайд этилишича, 34 та замонавий электропоездларнинг харид қилиниши натижасида 8 та янги йўналишларда темир йўл қатновлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Булар:
- Тошкент – Жиззах – Тошкент;
- Тошкент – Келес – Тошкент;
- Навоий – Бухоро – Навоий;
- Самарқанд – Жиззах – Самарқанд;
- Самарқанд – Шаҳрисабз – Самарқанд;
- Самарқанд – Қарши – Самарқанд;
- Андижон – Хонобод – Андижон;
- Нукус – Хива – Нукус.
Таъкидланишича, янги йўналишларда темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда 5 млн 925 минг 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади.
Шунингдек:
- Тошкент – Хожикент – Тошкент;
- Тошкент – Ангрен – Тошкент;
- Наманган – Андижон – Наманган;
- Қўқон – Андижон – Қўқон;
- Тошкент – Гулистон – Тошкент;
- Тошкент – Бекобод – Тошкент;
- Термиз – Сариосиё – Термиз;
- Қарши – Бухоро – Қарши;
- Бухоро – Хива – Бухоро;
- Самарқанд – Бухоро – Самарқанд каби 10 та мавжуд йўналишларда эса қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади.
Янги йўналишларда поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши ва мавжуд йўналишларда қўшимча қатновларнинг ташкил этилиши орқали бир йилда жами 22 млн 473 минг 500 нафар йўловчига сифатли хизмат кўрсатишга эришилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter