Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон иқтисодий соҳада катта ўзгаришларни амалга оширди — Туркия нашри

Ўзбекистон иқтисодий соҳада катта ўзгаришларни амалга оширди — Туркия нашри

Фото: NTV

«Ўрта Осиёнинг ёрқин юлдузи Ўзбекистон 2018 йилда бошланган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётида катта ўзгаришларни амалга оширди. Қишлоқ хўжалигидан энергетика, банкдан туризмгача — кўплаб соҳаларда янги қадамларни ташлаган Ўзбекистон ҳукумати чет эллик инвесторлар учун ўз эшикларини очди. 2021 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 7,5 миллиард долларга кўтарилиши кутилмоқда», дейилади Туркиянинг NTV нашрида эълон қилинган мақолада.

Bertelsmann Transformation Index (BTI)нинг 2020 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари, 2018 йилга солиштирганда, сезиларли яхшиланди. Хусусан, ялпи индекс кўрсаткичи 2018 йилги 3,73 дан 2020 йилда 4,08 га етган, иқтисодий трансформация кўрсаткичи 0,25 га ўсиб, 4,54 ни ташкил этган.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот ўсиши 2018 йилда 5,4 фоизни, 2019 йилда 5,6 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич пандемия сабабли 2020 йилда 0,7 фоизга пасайди. Шунга қарамай, ХВЖ ЯИМ ўсиши 2025 йилгача 5,5-6 фоизгачани ташкил этишини тахмин қилмоқда. Ўзбекистон 2020 йилда МДҲда иқтисодиёти мусбат ўсишни сақлаб қолган уч давлатдан бири бўлди.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 2018 йилдаги 1540 доллардан 2019 йилда 1740 долларга кўтарилди. Истеъмол нархларининг йиллик ўзгариши (инфляция) 2018 йилда 17,5 фоизни ташкил этди ва 2019 йилда 14,5 фоизгача тушди. ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 2025 йилда 5,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, жорий операциялар баланси 2018 йилда ЯИМнинг -7,1 фоизини, 2019 йилда ЯИМнинг -5,6 фоизини ташкил этди. 2019 йилда жами олтин-валюта захиралари 2018 йилга нисбатан 2 миллиард долларга кўпайиб, 29,2 миллиард долларни ташкил этди. 2019 йил якуни бўйича Ўзбекистон олтин-валюта захиралари бўйича МДҲ давлатлари орасида 2-ўринни, дунёда 48-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2019 йил якуни бўйича ташқи қарзлар умумий ҳажми 24,5 миллиард долларни ташкил этди. Ушбу қарзнинг 15,8 миллиард доллари давлатга, 8,7 миллиард доллари хусусий секторга тегишли. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2019 йилда 30,6 фоизни ташкил этди ва ХВЖнинг Ўзбекистон учун тавсия этилган 60 фоизли чегарасидан паст бўлди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг товар ва хизматлар экспорти билан боғлиқ умумий ташқи қарзини тўлаш 2018 йилдаги 19,5 фоиздан 2019 йилда 15,2 фоизгача камайди. Келажакда ушбу коэффициент доимий бўлиб қолиши кутилмоқда, чунки товарлар экспорти ўртача тезликда ўсишда давом этяпти: 2018 йилда — 11,4 фоиз, 2019 йилда — 28,6 фоиз, 2020 йилда — пандемия туфайли — 13,4 фоиз. Бу кўрсаткич 2021 йилда 25 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Юқоридаги макроиқтисодий кўрсаткичлар Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг барқарор хусусиятини акс эттиради.

Ўзбекистон уран ишлаб чиқаришда дунёда еттинчи мамлакат

Бошқа омиллар ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлашишига ёрдам берди. Ўзбекистон олтин қазиб олишда дунёда тўққизинчи (йилига 100 тонна), уран ишлаб чиқаришда еттинчи ўринда (йилига 2385 тонна, дунёда ишлаб чиқариладиган ураннинг 3,9 фоизи). Ўзбекистон пахта толаси экспортини йилдан-йилга қисқартирмоқда. Бугунги кунда ўзбек компаниялари ўз тўқимачилик маҳсулотларини дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилмоқда. Сўнгги йилларда чет эл инвестициялари ички иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаол иштирок этмоқда. 2021 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 7,5 миллиард долларга кўтарилиши кутилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил март ойида «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Хусусан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига айлантирилди ва барча масъул ташкилотлар камбағалликни қисқартириш дастурини ишлаб чиқишга жалб этилди. Ушбу лойиҳа халқаро тажриба ва қашшоқликни камайтиришнинг самарали воситалари доирасида қашшоқлик даражасини ҳисоблаш мезонларини ўз ичига олади.

Ташқи савдони йўлга қўйиш учун ташланган қадамлар

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг товарлар ва хизматлар экспорти 2016 йилда ЯИМнинг 15 фоизини, 2019 йилда 31 фоизини ташкил этди. МДҲ давлатлари орасида 2016-2019 йилларда ЯИМ таркибида экспорт улушининг энг юқори ўсиши Ўзбекистонга тўғри келди.

2017 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳажми 26,9 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 15 миллиард долларга кўпайиб, 42,2 миллиард долларга етди. Бу мамлакатнинг бутун тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

2017-2019 йилларда экспорт таркибидаги муҳим ўзгаришлар юз берди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 1,5 фоизга, энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари 1,3 фоизга, қора металлар ва улардан олинган маҳсулотлар 0,8 фоизга ўсди. Шу билан бирга, пахта толасининг улуши 2,2 фоизга, кимёвий маҳсулотлар 2,1 фоизга ва рангли металларнинг улуши 0,8 фоизга камайди.

Пул-кредит сиёсатидаги муҳим ислоҳотлар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилда «Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Инфляцион таргетлашга ўтиш натижасида инфляция даражаси 2021 йилда 10 фоизгача, 2023 йилда 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Бу каби инфляцияни мақсадли режимга ўтказиш Буюк Британия, Канада, Янги Зеландия ва Австралия каби кўплаб ривожланган мамлакатлар томонидан ҳам қўлланилган.

Хулоса қилинадиган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар доимий равишда халқаро ҳамжамият томонидан баҳоланиб, қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Bertelsmann Transformation Index Ўзбекистонда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг кўп жиҳатларини акс эттиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг