Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Отабек Умаров ООК вице-президенти этиб сайланди

Отабек Умаров ООК вице-президенти этиб сайланди

Фото: Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

Ўмоннинг Маскат шаҳрида Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси ўз ишини бошламоқда. Бугун Ассамблеядан бир кун аввал анъанага кўра 74-Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилот раҳбариятининг янги таркиби ва Ижроия қўмитасига аъзолар сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

ООК Конституциясида (қоидаларни қўллаш, 71 ва 76-моддаларига асосан) 5 йирик комплекс мусобақаларга мезбон мамлакат ООК вице-президенти лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган.

Ўзбекистон 2025 йил IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига биринчи марта ўз вакилини сайёрамизнинг энг йирик қитъасида олимпия ҳаракатига масъул бўлган ташкилот раҳбариятига номзод сифатида таклиф этиш имконига эга бўлди.

Мазкур нуфузли анжуманнинг биз учун эътиборли жиҳати, ООК вице-президентлигига номзодлар қаторида ҳамюртимиз, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров ҳам бор эди.

10 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари онлайн йиғилишида Отабек Умаровни мамлакатимиз номидан ООК вице-президентлигига номзод сифатида тавсия этишга қарор қилингани ҳақида хабар бергандик.

Бугун бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида Отабек Умаров номзоди бир овоздан маъқулланди ва Отабек Муҳаммадилевич ташкилот вице-президенти этиб расман сайланди.

«Авваламбор, менга билдирилган юксак ишонч учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Бундай нуфузли ташкилотда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мен учун шараф. Тошкентда ўтадиган 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш — Янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз», — деди Отабек Умаров.

Эртага, 16 декабрь куни Маскатда Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Отабек Умаров расман ООК вице-президенти сифатида иштирок этади. Аҳамиятлиси, Ассамблея доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади.

ООК Бош Ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, қўмита Бош котиби, Тошкент-2025 IV ёшлар Осиё ўйинлари директори О.Касимов, МОҚ раиси ўринбосарлари С.Полатов, А.Камилов, шунингдек, МОҚ раиси маслаҳатчилари И.Шодиев ва Ш.Асатуллаевлар иштирок этишмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг