Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўрта ер денгизининг энг хушманзара пляжлари

Ўрта ер денгизининг энг хушманзара пляжлари

Туркия ёзги таътилни ўтказиш учун энг мукаммал маскан ҳисобланади. Айниқса, Ўрта ер денгизи минтақасининг ажойиб пляжлари ҳар йили Туркия ва дунё бўйлаб миллионлаб сайёҳни қабул қилади. Ўрта ер денгизи туркуаз ва кўк байроқли (суви юқори сифат стандартларига жавоб берадиган ва хавфсиз сузиш учун мос келадиган пляжлар ва мариналарга бериладиган эътироф) денгизи ҳамда кўркам табиати билан барчани ўзига мафтун этади.

Патара пляжи

Анталиянинг Каш туманида жойлашган Патара пляжи Ўрта ер денгизининг энг мафтункор пляжларидан биридир. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан 2020 йил Патара йили деб эълон қилиниши пляжнинг донғини дунёга таратди. Патара пляжи 12 км узунликда бўлиб, майин қумлари билан ташриф буюрувчиларга унутилмас ҳисларни тақдим этади.

Патара пляжи Кашдан тахминан 45 км узоқликда жойлашган. Ушбу пляж «каретта» тошбақаларининг (денгиз тошбақаси) тухум қўйиш жойи бўлгани учун ҳимоя остида. Шунинг учун, боришдан олдин кириш ва чиқиш вақтлари ҳақида маълумот олиш фойдадан холи бўлмайди.

Капуташ пляжи

Капуташ пляжи Ўрта ер денгизининг ноёб пляжларидан бири бўлиб, Анталияда Каш ва Калькан ўртасида жойлашган. Пляждан каньон йўли ўтгани учун ўзига хос табиий кўринишга эга. Туркия ҳақидаги реклама ёки тарғибот фильмларида энг кўп учрайдиган пляжлардан бири. Капуташ пляжининг ўзига хослиги 187 поғонали зинапоядан тушиб борилишидадир. Пляжнинг ноёб фотосуратини олиш учун энг яхши жой ушбу зинаяпоялар ҳисобланади.

Капуташнинг яна бир нодир жиҳати шундаки, тоғлардан оқиб тушадиган булоқ суви ер ости суви сифатида денгизга қуйилади ва бу ҳолат пляжнинг сувини доимо салқин сақлаб туради. Шу боис, совуқ денгизда сузишни истаганлар учун Капуташ пляжи айни муддао.

Изтузу пляжи

Изтузу пляжи Ўрта ер денгизининг табиий ва тоза пляжларидан бири бўлиб, 2008 йилда Тhe Times томонидан Европадаги энг яхши очиқ майдон, 2011 йилда Zoover va Meteovista томонидан Европанинг энг яхши пляжи ва 2013 йилда Trip Advisor томонидан Европанинг 7 энг яхши пляжи сифатида танланган.

Изтузу пляжи, шунингдек, «каретта» тошбақаларининг энг машҳур уруғланиш жойи бўлиб, 1988 йилдан бери ҳимоя остида. Тошбақаларга халақит бермаслик учун пляж соат 20:00 дан 08:00 гача ёпилади ва ҳудудда шовқин қилиш, чироқларни ёқиш тақиқланган. Бу жой Тошбақа пляжи деб ҳам аталади.

Клеопатра пляжи

Клеопатра пляжи – Анталиянинг Алания туманида, тарихий ярим оролнинг ғарбий қисмида жойлашган ва 2 км узунликдаги ажойиб Ўрта ер денгизи пляжи. Олтин қумлари ва кенг қирғоқлари билан Туркиянинг энг жозибадор пляжларидан бири бўлиб, денгизи саёз ва тиниқ бўлганлиги боис ҳар йили юз минглаб сайёҳларнинг денгиз, қум ва қуёшда дам олиши учун севимли масканига айланиб улгурди.

Клеопатра пляжи денгизининг тиниқлиги тилларда достон бўлган ва бу ерда кўзойнак билан сузувчилар денгиздаги балиқларни ва сув ости ҳаётининг сеҳрини яққол кўра олишади. Пляж ўз номини Миср маликаси Клеопатрадан олади. Ҳатто Клеопатра ва Рим императори Антониус бу пляжда сузган деган фикрлар ҳам бор.

Белжекиз пляжи

Белжекиз пляжи Муғланинг Фетҳие туманида жойлашган бўлиб, дунё гўзали Ўлуденгизнинг юрагидир. Пляж қумли ва кенг қирғоқлари, туркуаз денгизи ва афсонавий манзараси билан Ўрта ер денгизининг энг шоҳона пляжларидан. Фетҳие табиатининг гўзаллигини тўлиқ Белжекıз пляжида кўриш мумкин.

Табиат спорти билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун ҳам жуда қулай жой. Бу ерда айниқса, парапланда учиш жуда машҳур бўлиб, Бабадағдан бошланиб, Ўлуденизда тугайдиган парапланда фаолияти учун минтақадаги компаниялар билан боғланиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг