Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўрмон хўжалиги директори «қопқон»га тушди

Ўрмон хўжалиги директори «қопқон»га тушди

Фото: Xabar.uz

Бухорода миллий гвардияга ишга жойлаштириш эвазига фуқаролардан 3000 доллар пора олаётган мансабдор шахс ушланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Миллий гвардия вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, пора билан ушланган мансабдор — Ш.Н. Муборак давлат ўрмон хўжалиги директори бўлган. 42 ёшли хўжалик директори асли Вобкент туманининг Харгўш МФЙ фуқароси.

Ш.Н. вобкентлик Ж.М ва Х.Ҳ.ни вилоят миллий гвардиясида ишловчи ваколатли таниши орқали ишга жойлаштиришни ваъда бериб, хизмати эвазига улардан 3000 АҚШ доллари талаб қилган. Икковлон эса ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган...

Миллий гвардия вилоят бошқармаси шахсий хавфсизлик бўлими, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ҳамда вилоят ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ш.Н. Бухоро шаҳридаги «Турон» меҳмонхонаси олдида юқоридаги фуқаролардан 3000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳолат юзасидан Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан Ш.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-модда (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 28-(Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддалари (Пора бериш) билан қўшимча айб эълон қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг