Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий маълумотга эга бўлмаган шахсларнинг психологик ёрдам кўрсатиши тақиқланди

Олий маълумотга эга бўлмаган шахсларнинг психологик ёрдам кўрсатиши тақиқланди

Жорий йил 5 ноябрда қабул қилинган «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Қонунга кўра, психологик ёрдам – танг (кризисли) вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шахслараро муносабатларни ҳамда руҳий саломатликни яхшилашга, шахсиятни ривожлантиришга ёки инсоннинг ижтимоий мослашувини яхшилаш учун психологик таъсир кўрсатишга қаратилган, психологик ёрдам кўрсатиш стандартларига мувофиқ амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Психологик ёрдам давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ишловчи психологлар ёхуд ушбу соҳада хусусий тартибда фаолият олиб борувчи юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан бепул ёки пуллик асосда кўрсатилади.

Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таълим олувчиларнинг психологик саломатлигини сақлаш, соғлом психологик муҳит яратиш ва уларнинг шахсий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида психологик ёрдам кўрсатиш ташкил этилади.

Шахс психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тадқиқотларга ёки илмий тажрибаларга фақат ихтиёрий равишдаги ёзма розилиги ёки ўз қонуний вакилларининг ёзма розилиги олинганидан кейин жалб этилиши мумкинлиги белгиланди.

Психология йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Шахснинг психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилганлиги факти, психологик ёрдам натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва психологик ёрдам кўрсатиш чоғида олинган бошқа маълумотлар психологнинг касбий сирини ташкил этади ҳамда шифокор сирига тенглаштирилади.

Шунингдек, психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг