Манипуляция қурбонига айланманг: маълумотларни қандай «фильтрлаш» керак?

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ва ахборот платформалари одамлар учун асосий ахборот манбаига айланди. Лекин бу ахборот оқими ичида ҳақиқат билан бирга ёлғон, туҳмат ва манипуляция ҳам мавжуд.
Кўпинча одамлар маълумотни фильтрламасдан қабул қилиб, уни ҳақиқат деб ҳисоблайдилар. Аммо шу маълумот кимнингдир манфаати учун атайлаб тарқатилган бўлиши мумкин. Демак, манипуляция қурбони бўлмаслик учун маълумотни таҳлил қилиш кўникмасини шакллантириш жуда муҳим.
Гуруҳ таъсири ва манипуляция усуллари
Психологияда одамларнинг ўзини жамоага мослаштиришга бўлган интилиши конформизм деб аталади. Одамлар табиий равишда кўпчилик нимага ишонса, шунга мойил бўлади. Бундай хусусиятни баъзи кучлар оммавий фикрни бошқариш учун қўллайди.
Мисол учун 1951 йилда психолог Соломон Аш одамлар гуруҳ таъсирига қанчалик тушишини текшириш учун тадқиқот ўтказган. Унда бир киши нотўғри фикр билдирган одамлар орасида қолганда, аслида хато эканини билса ҳам, уларга қўшилиб нотўғри жавоб бераётгани аниқланган. Демак, кўпчилик қандай фикр билдирса, одамлар ўша фикрга мойиллашади.
Шу усулдан ижтимоий тармоқларда ҳам кенг фойдаланишади. Масалан, оммавий қоралаш (буллинг) – кимгадир қарши шов-шувли кампания бошланади, одамлар ҳам унга қўшилади.
Сохта профиллар ва ботлар – бирор шахс ёки воқеа ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш учун фейк аккаунтлардан фойдаланилади.
Ҳис-туйғуларни қўзғатиш – агар маълумот жуда кучли ғазаб, нафрат ёки қўрқув уйғотса, одамлар уни таҳлил қилиш ўрнига, унга ишониб кетишади.
Маълумот манипуляция эканини қандай билиш мумкин?
Маълумотни қабул қилганингизда, қуйидаги саволларга жавоб изланг:
Матнда ҳаддан ташқари эҳтиросли гаплар борми?
«Бу шок!», «Ҳамма биляпти!», «Буни яшириб келишган!» каби ифода манипуляция белгиси бўлиши мумкин.
Фактлар берилганми ёки фақат шахсий фикрлар?
«У шундай одам, ишонманг!» – ҳеч қандай далил йўқ, шахсий фикр.
«У мана бу ҳаракатни қилди, мана далиллар» – таҳлил асосидаги фикр.
Маълумот кимга фойда келтиряпти?
Агар хабар орқали кимдир обрўсига путур етказилаётган бўлса, бу манфаатли томоннинг ҳаракати бўлиши мумкин.
Манба ишончлими?
Бирон хабарни қабул қилишдан аввал унинг манбаси ким эканини текширинг. Расмий сайтларда ҳам шу маълумот борми?
Воқеа бир томонлама ёритилганми?
Ҳар бир воқеанинг иккинчи нуқтаи назарини ҳам ўрганинг. Агар бир тараф орқали берилган бўлса, объективликка шубҳа бўлиши мумкин.
Манипуляция қурбони бўлмаслик учун нима қилиш керак?
Фикрлаш фильтридан фойдаланинг – ҳар қандай маълумотни қабул қилишда танқидий ёндашинг.
Манбани текширинг – маълумот қаердан келган? Уни ким тарқатди? Расмий манбаларда ҳам шу маълумот борми?
Ҳис-туйғуларга берилиб кетманг – агар хабар жуда кучли нафрат ёки ғазаб уйғотаётган бўлса, бироз тўхтаб, фикр қилинг.
Иккинчи томондан ҳам қаранг – ҳар қандай воқеанинг иккинчи нуқтаи назарини ҳам ўрганинг.
Озгина вақт ўтиб таҳлил қилинг – бирон хабарни ўқибоқ, уни тўғри ёки нотўғри деб қабул қилмасдан, аниқроқ маълумотлар пайдо бўлишини кутиб таҳлил қилинг.
Маълумот орқали одамларни бошқариш ва ёлғон тарқатиш усуллари кўпайган бир даврда яшаяпмиз. Шунинг учун, ҳар қандай хабарни кўр-кўрона қабул қилиш ўрнига, танқидий таҳлил қилиш керак.
Ҳар қандай хабарни текширинг. Манипуляция усулларини билиб олинг. Маълумотни қабул қилишда тафаккур фильтридан фойдаланинг.
«Ҳар бир қабул қилаётган маълумотингиз – бу сизнинг онгингизга таъсир қилаётган озуқа. Уни танлашда эҳтиёткор бўлинг, чунки нотўғри озуқа тафаккурингизни заҳарлаши мумкин.»
Фақат мана шу йўл билангина сиз ҳақиқатга яқинроқ бўласиз ва манипуляция қурбонига айланмайсиз!
Гули Тўраева, психолог, психотерапевт
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter