Нима учун ҳақиқатга кўз юмамиз ёхуд ўзимизни ўзимиз алдамаслик ҳақида

Яқин вақтлардан буён ижтимоий тармоқлардаги бир ҳолат эътиборимни торта бошлади. Негадир, ҳамма бир-бирига манипуляторларни қандай ажратишни, улардан қандай ҳимояланишни, алданмасликни ўргатар экан-у, ўзини ўзи алдамаслигини деярли ҳеч ким бир-бирига айтмас экан. Бошқаларнинг алдовига учмасликни маслаҳат бериш тўғри, лекин негадир, манипуляторнинг ўзига, ёлғончининг ўзига «ўзингни алдама!» деб очиқчасига мурожаат қилиш ҳолатларини деярли кузатмайман. Гўёки, ҳамма билиб, кўриб турса ҳам, бу мавзуда номаълум бир жимлик ҳукм суради.
Нима учун бундай ҳолат мени ўйлантирди?!
Агар бир-бирини алдашига жамоатчиликнинг қарши фикри етарлича фаол бўлмаса, бу қандайдир меъёрга айланиб қолмайдими? Бунақа ҳолатлар учун бир асосий тушунча бор, шу ҳақда билишингизни истайман. Бу тушунча – ахлоқий индифрентлик.
Ахлоқий индифрентлик – бу яхшилик ва ёмонлик, тўғри ва нотўғри ўртасидаги фарққа нисбатан бепарволик, ҳис-туйғусизлик ҳолати. Бу шунчаки қоидабузарликка кўз юмиш эмас, балки ахлоқий меъёрларнинг аҳамиятини пасайтиришдир. Жамиятимизда бунинг кўринишларига ҳар қадамда дуч келишимиз мумкин. Шунчаки эътибор қилсангиз бўлди, ҳар қадамда учратасиз.
Масалан, кўзимиз олдида адолатсизлик ёки очиқ ёлғон юз берганда, кўпчилигимиз «менга тегмаса бўлди», «ҳаёт ўзи шунақа, ҳамма шунақа қилади», деган фикр билан жим тураверамиз. Бир инсоннинг ёлғон ваъдалар бериб, уларни бажармаслигига, бошқаларнинг эса бунга оддий ҳолдек қарашига гувоҳ бўлаверамиз. Ёки баъзиларнинг «уддабуронлиги»ни, яъни бошқаларни алдаш орқали эришган ютуқларини мақтаб, «молодец» «баракалла» дейишимиз, аслида, ахлоқий индифрентликнинг очиқ кўринишидир. Ҳатто, баъзан «бу сиёсат», «бу бизнес», «тирикчилик» деган баҳоналар ортига яшириниб, ёлғонни оқлашга, хаспўшлашга ҳам уринаверамиз. Бундай мисолларни ҳар куни ҳаётимизда, ишхонамиздан тортиб, оддий дўстона суҳбатларгача учратишимиз мумкин. Ачинарлиси, оиладаги катталардан бу борада келажак авлод намуна олиши. Такрор-такрор хатолар қилаверамиз, ўзимизни алдаб!
Бундай ҳолатларга жамоатчиликнинг жим туриши, бефарқлиги ёлғоннинг ижтимоий оқибатларидан доимий кўз юмишга олиб келади. Ташқи чекловларнинг заифлиги, биринчи навбатда, манипуляторнинг ўзида ўз-ўзини алдаш механизмларини кучайтиради. У ўзининг ёлғонини, манипуляциясини гўёки ҳақиқат, табиий ёки ҳатто «маҳорат» деб қабул қила бошлайди. Бу эса ёлғоннинг жамиятда кенг тарқалишига ва умум қабул қилинган «норма» сифатида қабул қилинишига олиб келади. Мана шу ҳамманинг муаммоси аслида, ким ахлоқли, маънавиятли ёки маданиятли одамлар жамиятида яшашни хоҳламайди?! Ким? Жавоб: ҳамма маънавиятли ва маданиятли жамиятда яшашни истайди. Лекин, бунақа жамиятни, бунақа одамларни ўз-ўзидан лайлак ташлаб кетадими?!
Психологияда шундай бир қоида бор: бизнинг атрофимиздаги муҳит бизнинг хатти-ҳаракатларимизга ва қадриятларимизга бевосита таъсир қилади. Агар жамият ахлоқий жиҳатдан бефарқ бўлса, бу бизнинг шахсий ахлоқий компасимизни ҳам заифлаштириши мумкин. Ўзимизнинг ахлоқий қадриятларимизни ривожлантириш ва ахлоқий ҳақиқатимизга содиқ бўлиш, ўзимизга ўзимиз ҳалол бўлиш, билиб туриб бошқаларнинг ёлғонига кўз юммаслик – бу, аввало, ўзимизни алдамасликдир!
Мадина Мийтан, психолог
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter