Апрел ойида қандай об-ҳаво кутиляпти? Мутахассислар маълумоти

Гидрометеорология хизмати келаётган апрел ойидаги тахминий об-ҳаво маълумотини тақдим этди.
Бу йил апрел ойи қуруқ об-ҳаво билан бошланади. Ойининг биринчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати 22-25 даража илиқдан 27-30 даража илиққача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 32 даража илиққача кўтарилиши кутилмоқда. Ойнинг иккинчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати асосан 22-27 даража илиқни ташкил этади.
7 апрелда республика шимолида, 8-10 апрелда марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 8-13 даража илиқдан 2-7 даража илиққача, кундуз кунлари 25-30 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Ўтган 2024 йилнинг апрел ойи республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ бўлди. Шу билан бирга, республика бўйича баъзи жойларда кучли жала ёмғирлар ёғиши кузатилиб, бунда бир неча соатда ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан 40-70% ни ташкил этди. 13 апрел куни Жонгелди (Қизилқум чўли) метеостанцияси ҳудудида 16 мм ёғингарчилик кузатилиб, ойлик меъёрга мос бўлди, бу бутун апрель ойи давомида ушбу ҳудудда ёғган ягона ёмғир эди.
Республиканинг айрим ҳудудларида ҳар 3-5 йилда бир марта ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши кузатилади. Сўнгги марта 2020 йил апрел ойида марказий ва ҳатто жанубий вилоятларда баъзи жойларда апрель ойининг биринчи ўн кунлиги охирида қор ёғиб, у ҳатто қишда камдан-кам учрайдиган даражада бўлди.
2020 йил 9 апрелда эрталаб баъзи жойларда қор қоплами 7-20 см га етди.
Ўзбекистонда қор ёғишининг энг кечки санаси – 1989 йил 30 апрел куни қайд этилган. Бу ҳозирча Ўзбекистонда кузатувлар тарихидаги қайтарилмас ҳолат бўлди.
Апрель ойида тоғли ҳудудларда жадал қор эриши давом этади. Ойнинг охирига, иқлим маълумотларига кўра, қор фақат баланд тоғли ҳудудларда сақланиб туради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter