Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тутқич бермас ўғрини мол «сотиб қўйди»

Тутқич бермас ўғрини мол «сотиб қўйди»

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти, Ромитан туманида 2 йил илгари бир бош қорамол ўғирлаган шахс топилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 20 май кунидан 21 майига ўтар кечаси номаълум шахс томонидан Ромитан туманидаги Янгиобод чўл массиви фуқароси Б.С. га тегишли бўлган баҳоси 10.000.000 сўмлик бир бош қора мол ўғирлаб кетилган.

Фуқаро мурожаатидан сўнг ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Бироқ, жиноятни фош этиш бўйича бирор-бир ижобий натижаларга эришилмай қолган.

«Тирикчилигимиз асосан, сигир-қўйдан-да! Ҳар бир молимни туғилганидан сўйилгунича ҳолатини яхши биламан. Мол олди-сотди бозорига борсам, некўз билан кўрайки, икки йил илгари ўғирланган ўзимнинг молим ўзимга таниш шахс томонидан савдога қўйилган экан. Зудлик билан ички ишлар органларига вазиятни тушунтирдим. Тезда етиб келишди», – дейди қорамолнинг эгаси.

Олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Ромитан туманининг «Боғча» маҳалласида яшовчи 1981 йилда туғилган С.С. исмли шахс содир қилгани аниқланган.

Ҳозирги кунда С.С.нинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг