«Юқори»дан қўнғироқ бўлди...
Шу йилнинг 2 февраль куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ортидан қатор масъуллар ишдан олинди. Вазифасидан озод этиладиганлар рўйхатига қўмита матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев ҳам «қўшилиб» қолган.
Эътиборлиси, Б. Абдуллаев фаолиятида йўл қўйган хато-камчиликлари учун эмас, қўмитага алоқаси йўқ ташкилотнинг «ғалати топшириғини» бажаришдан бош тортгани ортидан «кетадиганлар рўйхати»га кириб қолгани айтилмоқда.
Унинг Kun.uz сайти мухбирига маълум қилишича, икки ҳафта аввал унга Ўзбекистон транспорт вазирлигидан шахсий телефон рақамига қўнғироқ бўлган. «Ўзини «Раматовнинг маслаҳатчисиман» (Очилбой Раматов – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, собиқ транспорт вазири – таҳририят) деб таништирган киши менга бош вазир ўринбосарининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида алоҳида штаб ташкил қилингани ҳамда биз ҳам шу имижни яхшилаш учун ҳафтанинг ҳар жума куни улар тасдиқлаган мавзу бўйича маълумот бериб туришимиз кераклигини буюрди», дейди Бунёд Абдуллаев.
Маслаҳатчининг айтишича, кейинроқ штабга тўпланган бу маълумотлар барча оммавий ахборот воситаларига уларнинг номидан тарқатилар экан.
«Ҳозир сиёсий жараёнлар олдида турибмиз. Мен табиийки, бундан шубҳаландим, чунки ҳозир сайлов жараёнлари яқинлашмоқда. Шу сабаб мен унга раҳбарият томонидан қандайдир топшириқлар бўлсагина уни бажаришимни айтдим.
«Раматовнинг маслаҳатчиси» эса «мени тўғри тушунмадингиз шекилли, «кабмин»даги кураторингизга айтаман, ўзи гаплашади», дея телефонни ўчириб қўйди.
Орадан кўп ўтмай менга энди Вазирлар Маҳкамасидаги «кураторимиз» Баҳодир Шукуров телефон қилди (Баҳодир Шукуров Вазирлар Маҳкамасида бош мутахассис вазифасида ишловчи мутахассис – таҳр.)», дейди Б.Абдуллаев.
Бунёд Абдуллаевнинг қўшимча қилишича, у штаб бошлиғи (маслаҳатчи) берган топшириқларни сўзсиз бажаришини буюрган. Матбуот котиби бу бўйича фақат ёзма топшириқ келсагина иш бошлашини айтган.
Баҳодир Шукуров эса ёзма топшириқ бўлмаслигини, шу қўнғироқ унга ёзма топшириқлигини айтган. Бунёд Абдуллаев унга яна аввалги жавобини такрорлаганидан кейин телефонни жаҳл билан қўйиб қўйган.
Абдуллаев ҳозирда қўмита раҳбарияти билан муносабатлари анча таранглашганини, қўмита раиси ва кадрлар бўлими бошлиғи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилиб, унга босим ўтказаётганини таъкидлаб ўтди.
«Мен сабабсиз ариза ёзмаслигимни айтяпман. Ўйлайманки, шунчаки сабабсиз ишдан бўшаб кетмайман. Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ишлашига ишонаман», деди Абдуллаев.
Бунёд Абдуллаев 2020 йилнинг май ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби этиб тайинланганди. Аввал «Ҳуррият» ва «Жамият» газетаси мухбири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида шарҳловчи, етакчи муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Шунингдек, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими сифатида фаолият кўрсатган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter