Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда «новостройка»га пул тўлаганлар алданди. Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди

Тошкентда «новостройка»га пул тўлаганлар алданди. Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Иззат кўчасидаги уй-жойларнинг қурилиши ва фуқароларга сотиш жараёнларини ўрганиш ҳамда юзага келган муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди. Унга Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислик қилади.

Kun.uz нашри маълумотига кўра, фуқаролардан ҳали қурилмаган квартиралар учун тўловларни қабул қилиб олган фирманинг ваъда қилинган ҳудудда турар жой мажмуаси қуришга рухсати бўлмаган.

«AZIYA INVEST FAVORIT» МЧЖ билан Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган уйлардан бирини сотиб олиш бўйича шартнома тузган бир гуруҳ фуқаролар нашрга мурожаат қилиб, орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари ҳали бошланмаганидан шикоят қилишган. Уларнинг айтишича МЧЖ раҳбари қамоққа олинган бўлиб, ишчи-ходимлар пулларини қайтаришни талаб қилиб борганларга фирма ёпилганини айтишган. Бундан ташқари, бир гуруҳ фуқароларнинг видеомурожаатлари YouTube платформасига ҳам жойлаштирилган.

«2023 йил 14 февралда AZIYA INVEST FAVORIT қурилиш фирмасига уй олиш мақсадида тўлов қилганмиз. Улар бизга шартномада Яшнобод тумани Иззат кўчасидаги бир ерни кўрсатиб, 58-уй шу ерда қурилади деб айтишган. Энди аниқ бўляптики, фирмада бу ерга эгалик ҳуқуқи йўқ. Фирма раҳбарлари қурилиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан мингдан зиёд одамни алдаб қурилмайдиган уйларни сотган. Бунинг оқибатида 1090 тадан зиёд харидор пулсиз ва уйсиз қолмоқдамиз», дейди бир мурожаатчи.

Алданган фуқаролар қурувчилар аввалбошдан уй қуриш ниятида бўлмагани, уйларнинг квадрат метри учун пойтахт бўйича энг арзон нарх белгилаб, шу йўл билан кўпчиликни тузоққа туширишгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу фирибгарлик схемаси ва анча олдин йўлланган шикоятларни эътиборсиз қолдиришгани таъкидланади.

Маълумотларга кўра, «AZIYA INVEST FAVORIT» МЧЖ мансабдорлари томонидан фуқароларга етказилган зарар 300 миллиард сўмдан ошади. Қонунбузарлар эса жиноий таъқибдан қочиб яширинишган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг