Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нотиқлик санъати бўйича қўлланма нашр этилди

Нотиқлик санъати бўйича қўлланма нашр этилди

«Yangi kitob» нашриётида таниқли адабиётшунос олим, маҳоратли нотиқ, сўз устаси Раҳимбой Жуманиёзовнинг «Педагогик маҳорат ва коммуникатив компетентлик» номли ўқув қўлланмаси нашрдан чиқди.

Таълим ва тарбияга жамият тараққиётини белгиловчи асосий омил сифатида қаралади. Негаки, усиз маълум бир ютуққа эришиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиш мушкул. Ҳар қандай таълим-тарбия асосида эса тил, нутқ, имло ва саводхонлик масалалари туради. Айни шу жараёнда эса ўқитувчи-муаллимнинг ўрни беқиёс. Бу ҳақда кўп ва хўп ёзилган. Лекин даврлар ўтиши билан таълим беришнинг усул ва воситалари ўзгариб боради, тарбиянинг янгича талқинлари юзага келади. Изланувчан, моҳир педагогларимиз ёш авлод қалбини эгаллайдиган, уларга маънавий озиқ берадиган янги, инновацион методларни ишлаб чиқадилар. Раҳимбой Жуманиёзов ҳам бу борада ўзига хос асарлар яратган шахслардан бири. Чунки унинг «Эски ўзбек ёзуви», «Халқ ижоди – ҳақ ижод», «Туркий савод», «Нутқий маҳорат», «Муомала маданияти», «Сиз нотиқ бўлмоқчимисиз?» каби ўнлаб китоблари аллақачон халқимизнинг маънавий мулкига айланиб улгурган, минглаб одамларни савод сари бошлаган.

Яқинда муаллифнинг «Педагогик маҳорат ва коммуникатив компетентлик» номли ўқув қўлланмаси нашрдан чиқди. Мазкур китобда таълим-тарбия, замонавий педагогика, нотиқлик санъатининг долзарб масалалари ўзаро боғлиқ ҳолда ёритиб берилган. Тўғри, педагогик маҳорат масалалари бўйича бир қатор китоблар: дарслик ва ўқув қўлланмалар, услубий тавсияномалар яратилган. Бироқ ушбу ўқув қўлланмада педагогик маҳорат ва коммуникатив компетентлик муаммолари ўқитувчининг нотиқлик маҳорати мисолида очиб берилган. Муаллиф ўз билими, тажрибаси ва педагогик маҳоратидан келиб чиққан ҳолда педагогик жараёндаги ҳар бир ҳодисага ўзига хос тарзда ижодий-креатив ёндашган. Педагог ишининг самараси, асосан, унинг нутқи билан боғлиқлиги ишонарли далиллар билан кўрсатиб берилган.

Мазкур қўлланманинг тузилиши ҳам ўзига хос. Унда педагогик маҳорат, аниқроғи, нотиқлик санъати қадимги даврлардан ҳозирга кунга қадар қандай босқичлардан ўтгани, шахс тарбиясида нотиқлик санъатининг ўрни, нотиқлик санъати ва ўқитувчининг нутқий маҳорати изчил тарзда очиб берилган. Масалан, педагогик маҳоратнинг муҳим омиллари ҳақида гапирар экан, муаллиф шундай ёзади: Хўш, педагог маҳоратининг яна қандай омиллари бўлиши мумкин? Субъектга муносабат замирида объектнинг эргаштира олиш қобилияти ётади. Эргаштира олиш албатта, қизиқтиришни талаб этади. Қизиқтириш эса нутқий маҳоратни талаб этади. Шундагина ўқувчининг диққат-эътиборини тортиш мумкин. Теран тафаккур, сезгирлик, тезфаҳмлик, бадиҳагўйлик, интуиция ва идрок этиш педагогда умумлашган бўлиши керак.

Қўлланмадаги ҳар бир бўлим ва мавзуларда янгича бир қараш, янгича бир ёндашув намоён бўлади. Масалан, «Ўқитувчининг коммуникатив қобилияти» бўлимида замонавий педагогиканинг қонуниятларига таянган ҳолда коммуникатив қобилиятнинг нотиқлик санъати билан туташ нуқталари тилга олинади. Бинобарин, педагогнинг креатив компетентлиги унинг фаолиятида ижодкорлик, изланувчанлик, бунёдкорлик, ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатларини талаб этади. Бу эса таълимнингг сифати самарасига ижобий таъсир этади.

Қўлланма муаллифи педагогик жараённинг ҳар бир қисми, ҳар бир жиҳатига профессионал нотиқ сифатида назар ташлайди, замонавий педагогиканинг ютуқларидан унумли фойдаланади ҳамда ўз хулоса ва тавсияларини илгари суради. Масалан, «Нутқий компетенциянинг таркибий қисмлари ва муҳим омиллари» бўлимида ҳам нотиқ ва маҳоратли педагогнинг жўяли фикрлари илгари сурилади. Унинг ёзишича, нутқий компетенциянинг таркибий қисмларини пухта ўзлаштирмасдан туриб ҳар қандай ўқитувчи нутқ равонлигига ҳам, нотиқлик санъатига ҳам эриша олмайди. Булар тинглаб тушуниш, сўзлаш, ўқиш ва ёзишдир. Худди шу тўртта асос ўз ўрнида гўзал ва равон бўлиши учун бир қатор омиллар зарур.

Юқорида таъкидланганидек, Раҳимбой Жуманиёзов ўта маҳоратли нотиқ, машҳур сўз устаси. Бу даражага етиш учун қанча меҳнат ва заҳмат чекканига биз гувоҳмиз. Назаримизда, буларнинг ҳаммаси учун нутқ техникасини пухта эгаллаш талаб этилади. Қўлланма муаллифи айни шу жараённи жуда пухта ўзлаштирган, бу борада изланишлар олиб борган, янгича йўналишга асос солган. Мазкур қўлланмадаги материаллар юқорида билдирилган гапимизни тасдиқлайди. Бинобарин, нутқ техникаси ва воситалари бўйича берилган амалий машғулотлар китобнинг илмий ва амалий қимматини янада оширган. Масалан, педагог нутқининг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, тозалиги, таъсирчанлиги, соддалиги, қисқалиги ва ш.к.лар ўта ишонарли бўлиб, ҳаммага бирдек тушунарли тарзда ёзилган.

Қўлланманинг амалий жиҳатдан яна бир афзаллиги шундаки, унда нотиқлик санъатидан ҳам машғулотлар берилган, педагог-нотиқнинг кўп йиллик тажрибалари асосида жамланган, ҳаёт синовида тобланган фикр-мулоҳазалар тавсия қилинган. Нотиқлик санъати бўйича берилган топшириқ-машқларнинг номланиши ҳам ўзига хос: хосу мосини топ, узиб-улаш, росту ёлғон, вазият ва азият, исмим-жисмим, оқ ва қора, ташқаридан меҳмон, ичкаридан мезбон ва ҳ.к.

Муаллиф педагогик маҳорат борасидаги назарий фикрларни яхши ўрганиб чиққач, имкон қадар нотиқлик санъатига эътибор қаратади, ўз услубини баён этади. Китобда бошқа асарлардан кўчирмалар камроқ бўлиши мумкин, лекин, энг муҳими, муаллиф ўз сўзини айта олган, педагогик маҳоратнинг инсон нутқи, нотиқлик санъати билан чамбарчас боғлиқлигини ўз тажрибалари  асосида баён этган. Буни «Кўзлашдан сўзлашга», «Қуйидаги суратларни мантиқан боғлаб матн тузинг, номланг ва сўзлаб беринг» каби бўлимларда берилган материаллардан ҳам билиб олиш мумкин.

Муаллиф баён этилган материаллар асосида муҳим хулосалар чиқарган ва китобхонга тавсия этган. Китобда фойдаланилган адабиётлар рўйхати ҳам асар муаллифининг қанчалар кўп адабиётлардан хабардорлигини кўрсатади. Бу рўйхат педагогик маҳорат ва нотиқлик санъати бўйича муҳим манбалардан бири саналади. Қисқача айтганда, Р.Жуманиёзовнинг «Педагогик маҳорат ва коммуникатив компетентлик» номли ўқув қўлланмаси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган, пеагогик таълимга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.

Равшан Жомонов,
Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, филология фанлари номзоди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг