Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юрак амри билан ёзилган китоб: «Истисно» ҳақида мулоҳаза

Юрак амри билан ёзилган китоб: «Истисно» ҳақида мулоҳаза

«Олтин мерос» пресс нашриётида истеъдодли ёзувчи Мастура Абдураимнинг «Қанот» лойиҳаси доирасида «Истисно» китоби нашрдан чиқди ва республика миллий матбуот марказида тақдимоти ўтказилди.

Хатирчи туманида туғилган, йигирма йиллик умри соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказган Мастура Абдураим адабий чиқишларини 40 ёшдан кейин бошлаганига қарамай, бу бебаҳо бўстонга жуда катта самимият, кучли ижодий иштиёқ ва бой интеллектуал тафаккур ва албатта ички табиий эҳтиёж билан кириб келди. Бу оламда мудом ўзини излаяпти, тиниқ туйғуларини ва ички қалб дунёсини чуқур тадқиқ этяпти.

Асардан ўрин олган 35 та эссе, ҳикоя ва драбллар бир нафасда ўқилади. Улар шахснинг руҳият чизиқлари фалсафий-илмий бадиий инъикоси бўлиб, муаллиф турфа ҳисларни, ўз қарашларини юксак интеллектуал маҳорат билан янгича талқинда тасвирлашга ҳаракат қилади. У инсон деб аталмиш хилқатнинг руҳий-эмоционал ҳолатларининг асл сабабларини, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилади.

Тиббиёт, жаҳон адабиёти, кино ва рассомчилик санъати, фалсафа фанлари орқали ҳар бир бермоқчи бўлган умумбашариятга дахлдор ғоясини таснифлаб-тасвирлаб борадики, оддий ўқувчи тўпламдан бадиий қониқиш билан бирга, зарурий илмий билимларни ҳам олиши мумкин.

«Қуёш болалари» эссесида тақдир тақозоси билан ушбу мураккаб ҳолатга дучор бўлган зурриётларнинг ўзига хос хусусиятларини тиббий асослаб, меҳр-муҳаббат билан чиройли тарзда таърифлайди: «Уйга қайтар эканмиз, аста-секин бостириб келаётган тун зулматига тикилганимча амин бўламанки, ер юзидаги миллиардлаб қуёшчалар ҳаётимиз, кўнгилларимизга нур бағишлаш учун атай келганлар. Улар бутун ер сайёрасидаги инсониятга яхшилик, гўзаллик, меҳр-муҳаббат бор экан, ҳар қандай ёмонлик, қирғинбаротлар ва қабоҳатни йўққа чиқара олиш мумкинлигини таъкидлаб, барчани нурли йўллар томон чорлаб турибди».

Мастура Абдураим ўзига қисмат деб қабул қилган оқ қоғоз қаршисида соф қалби билан сўзлашаётган ёзувчи ўлароқ ҳар ерда ва ҳар доим инсон қалбини биринчи ўринга қўяди. Фақат ботиний гўзаллик ва тафаккур камолоти уйғунлиги мукаммал шахснинг асл қиймати ва тафаккурини белгилашини, айнан шу орқали яшамоқнинг боқий мазмуни ойдинлашиши ҳақида таассурот уйғотади. Бу теран хулоса унинг ҳар бир ижод намунаси мазмунида билвосита сингдирилган бўлиб, қаҳрамонлари тилидан ҳикоя қилиб борилади. Айнан шу ҳақиқатни мавзуларнинг умумий таянч нуқтаси, дейиш мумкин.

Мастура Абдураимнинг ижоди билан танишар экансиз, унинг ўз ўйлари ва ўз англашларини сўз ҳалқасига қанчалар моҳирлик, соф муҳаббат ва нафосат билан дур каби терганига гувоҳ бўласиз.

У қаҳрамонлари идрок-сезишларининг жуда чуқур қатламларигача, кичик ҳужайраларигача шўнғиб, табиати тобора ўзгараётган инсоннинг (бир қарашда барча образ ва воқеалар Ғарб оламида содир бўлаётгандай таассурот уйғотади, лекин барча халқлар ва эллардаги ҳар бир кишига хос) кўнгил кечинмалари, эврилаётган қиёфаларининг тиниқ рангларини рассом каби оҳорли шаклда очиб беришга ҳаракат қилади. Эътироф этиш керак бўлган яна бир жиҳати шундаки, муаллиф ёзар экан, ўқувчининг  мудроқ фикрларини чертиб, уйғотади, бир рамздан иккинчи рамзга балет раққосалари каби ниҳоятда осон ва енгил сакраб ўтади.

Барчамиз учун энг яқин ва мўътабар инсон бўлмиш Она ҳақида бир эссесида юракни тўлқинлантириб таъриф беради:

«Қаерда бўлмай, Онамнинг ғамгин, меҳрга йўғрилган алласи қулоқларим остида мусиқа каби жаранглаб тураверарди. Худди шу оҳанг, шу мусиқа менинг қалбимни забт этган илк мусиқа бўлиб қолди ва мусиқага бўлган улкан муҳаббатимнинг дебочаси бўлди... Қалбимга мусиқа ва адабиётга бўлган илк муҳаббат уруғини қадаган ҳам Онам бўлдилар. Онам мени ҳеч қандай изоҳларсиз ва гап-сўзларсиз тушуна олган ягона дардкашим бўлган. Йўқ, биз ҳеч маҳал бир-биримизга дардларимизни айтиб йиғлашмаганмиз. Онам ва менга нигоҳлар кифоя бўлган».

Бир қарашда ғайриоддий ҳолатлар, фавқулодда ҳолатлар, нотабиий ва барчадан ажралиб турадиган кишилар образлари орқали ўзгача фикрлар параллели тўқмоғи билан олийжаноблик, эзгу фазилатлар улуғланади. 

Асардан ўрин олган ижодий ишларининг айримлари, шунингдек, таржималари, турли даврларда «Бекажон», «Интеллект», «Маънавият сарчашмалари», «Самарқанд ёшлари», «Улуғ йўл», «Тиббиёт ва ҳаёт» газеталари, «Шарқ юлдузи», «Муштум», «Жаҳон адабиёти», Туркиянинг «Гунчел Санат», Озарбайжоннинг «Язарлар» журналларида, «Зиё.уз», «Нодирабегим.уз», «Музаффар.уз», Бангладешнинг «Ҳумаюнс Эдиториал» электрон адабий нашрларида чоп этилган.

Албатта, катта салоҳиятга эга, меҳнаткаш, жаҳон адабиётини кўп ўқийдиган, мунтазам таржималар машқ қилиб келаётган, лекин имкониятларини ҳали тўлиқ ишга солиб улгурмаган Мастура Абдураимнинг ушбу илк нашри – «Истисно» кенг жамоатчиликда ўзининг муносиб акс-садосини беришига, келгусида унинг юксак бадиийликка йўғрилган ижодий ишлари халқимизга қайта-қайта туҳфа этилишига ишончим комил.

Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг