Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Азиз Тошпўлатов Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқларини ишдан бўшатди

Азиз Тошпўлатов Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқларини ишдан бўшатди

Қашқадарё вилоятида комплекс инспекторлик текшируви натижалари юзасидан ИИВ раҳбари Азиз Тошпўлатов томонидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда ҳудудлардаги мавжуд криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳолига хизмат кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлаш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ходимларнинг ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этиш масалалари танқидий муҳокама қилинган.

Унда хизмат фаолиятида юқори натижаларни қўлга киритганлар эътироф этилиб тақдирланган бўлса, хизмат фаолиятидаги жиддий камчиликлари учун айрим мутасаддиларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилди.

Жумладан, ИИВ раҳбари буйруғи билан Шаҳрисабз тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳида 28 йил давомида бенуқсон хизмат кўрсатган катта эксперт майор Ҳусниддин Рустамов «подполковник» махсус унвони билан, Деҳқонобод тумани «Мустақиллик» маҳалласида намунали хизматни ташкил этган профилактика инспектори капитан Лутфулла Ҳамидов муддатидан олдин «майор» махсус унвони билан тақдирланди. Шунингдек ўн икки нафар раҳбар ходимлар пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Шу билан бирга, ИИВ раҳбари буйруғи билан вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими бошлиғи, Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқлари, Косон ва Касби туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари, Муборак тумани ва Қарши шаҳри ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Вилоят ИИБ бошлиғининг Жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, Йўл ҳаракати хавфсизлиги Қидирув-суриштирув бўлинмаси бошлиғи, Касби тумани ИИБ бошлиғи ва унинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Қарши шаҳар, Косон ва Муборак тумани ИИБ бошлиқларига кескин интизомий жазолар қўлланилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг