Нонингиз гоҳ бутун, гоҳо яримта...
Шу кунларда «Академнашр»дан таниқли шоир ва ёзувчи, етмиш баҳорни қаршилаган Абдусаид Кўчимов қаламига мансуб сайланманинг I-жилди (назм) чоп этилди.
Муаллиф 1967 йилдан бошлаб ёзилган барча шеърлар ва тўртликларини қайта саралаб, ягона китоб ҳолига келтиргани эътиборга молик.
Маънавий хазина аввалида энг олий умуминсоний қадриятлар – Ватан таърифи, истиқол мадҳи, Туркистон-Турон бирлиги, улуғ тарихимиз ҳақида боради.
Бундан кейинги қисмларда олийжаноб инсоний фазилатлар, оналар меҳри туганмаслиги, урушнинг қабоҳатлиги мавзулари ўз ифодасини топади. Ўзбек миллатининг тантилиги ва қоялардек ғурур қалби жуда чиройли тарзда тасвирланади:
Шижоатда довқур-лочин,
Бургут кўзлик, қилич сўзлик.
Эгилса ҳам салом учун
Эгилади танти ўзбек.
Юртимизнинг ҳар бир гўшаси ҳақида, айниқса шоирнинг мусаффо юрагига бешик бўлган Тошкентдан ортиб, Қарши дастларию Ургут тоғлари ҳақида берилиб, оҳангдай куйлайди.
Суюгим – кўзларим қароғи Тошкент,
Буюгим – қалбимнинг чароғи Тошкент!
дея дунёга баралла ҳайқирган шоир Ватан пойтахти ҳақида ёзганда истиқлол йилларида бу шаҳри азимнинг нечоғли кенгайиб, қанчалар обод ва кўркам бўлиб бораётганини гўзал рангларда акс эттиради.
Китобни варақлар экансиз, кейинги қисмлар бахт, севги, меҳр-муҳаббат ва ошиқлик, ёрга садоқат, яхшилик, меҳнатсеварлик, тантилик, инсон ички олами масалаларига бағишланига гувоҳ бўласиз.
Фалсафий-психологик ёндашув спектридан ўтган сатрларда инсонлар ўртасидаги ғоятда нафис ва жозибали муносабатлар улуғланиб, азалдан тугамаган ўзаро тўсиқлар ва англашилмовчиликлар кескин қораланади. Хусусан, шоир балоғат даврининг жисми ўртаб ёнган кезларида қўшни қизни севиб қолганини, улар орасида Қоработир каби уйнинг девори тўсиб турганини, бу лой тўсиқни кўришга асло кўзи йўқлигини жуда образли қилиб очиб беради. Бироқ, ёши улғайгач:
Қарашлар ўртасида,
Курашлар ўртасида,
Соялар ўртасида,
Ғоялар ўртасида,
Оламлар ўртасида
Деворлар борлигини
Ҳали билмас эдим мен,
дея анчайин мушоҳадали фикрларни ўртага ташлайди.
Шу вақтга қадар журналистлар ҳақида шеърлар ниҳоятда кам бўлиб, бу аҳамияти ва таъсири ошиб бораётган касб вакилларининг элу юрт олдидаги хизматларини тугал очиб бера олмайди. Шоир ҳамксбларига атаб битган «Журналистларга» сарлавҳали ашъорида қалам аҳлининг улкан меҳнатларини муносиб эътироф қилади:
Нонингиз гоҳ бутун, гоҳо яримта,
Дилингиз туҳматдан гоҳ нимта-нимта,
Аммо дардингизни айтмай ҳеч кимга,
Мадад бўлай дейсиз она халқимга –
Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,
Журналист дўстларим, қадрдонларим.
Ўқувчи шеърдан шеърга кўчиб борар экан, сўзларнинг ниҳоятда равонлигидан, ҳар бир қаторнинг қатъий ритм асосига терилганидан, фикр баралла ва эркин ҳаракат қилаётганидан ҳайратга тушади.
Зеро, буюк қалб соҳиби бўлган, ўзбек миллий адабиётида ўзига хос ўрни ва салоҳиятига эга шоирнинг нияти гўзал, интилишлари пок. Мавзулар ҳам сўзлар жилоси каби ранг-барангдир.
У ижтимоий ҳаётдаги муаммоларга киноя ва ҳазил орқали, юртнинг фидойи ва улуғ бир донишманди сифатида ўтлиқ жавоб беришга интилади.
Қалам устаси чўл, ҳовуз, баҳор, дарахт, лолазор, ёмғир, булоқча, тоғлар, даштлар, йўллар, кўприк, қалъа, қўриқхона, чорчинор, тойчоқ, майна, денгиз, китоб, тошбитик, балиқ, фаввора, йўловчи, меъмор, устоз ва шогирд тимсолларида инсоннинг руҳий мувозанати, қалбини ўртаб турган фусункор кечинмаларни акс эттиради. Баъзи сафдошлари ва дўстларини кўприкка қиёслаб айлаб қуйидагича битади:
Кетганни кузатар, келганни кутар,
Куну тун хизматда – қоқмайди киприк.
Ҳар бир йўловчига елкасин тутар
Соҳилни соҳилга пайвандлаб кўприк.
Абдусаид Кўчимовнинг турли йилларда Туркия, АҚШ, Хитой ва Япония давлатларига амалга оширган сафарлар ёрқин таассуротлари ва ҳайратлари, ўша юртлар халқларининг ўқўзак фалсафалари, миллий ўзига хосликлари алоҳида ижодий намуналар сифатида китобхонга туҳфа этилади.
Айниқса, айрим қардош халқларнинг узоқ йиллар ушалмаган озодлик изтироблари, инсониятни қийнаб келаётган минг йиллик армонлар, маърифат қудратидан бебаҳра миллатнинг фожиаси, майда иллатлар, бироқ катта офатлар келтирувчи маҳаллийчилик, гуруҳбозлик устидан кулади, кескин қораловчи позициясини эгаллайди.
Улуғ аждодларимиз Бобур Мирзо, Машраб, Гулханий, ўтган асрнинг номдор ижодкорлари – шоирнинг замондош дўстлари Озод Шарофиддинов, Саид Аҳмад, Шукрулло, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Сайди Умиров, Асад Дилмурод хотирасига бағишлаб ёрқин ва таъсирли мисралар битади.
Олти юзга яқин шеър ва тўртликлардан иборат назм гулдастаси ноширлик жиҳатидан ҳам ниҳоятда сифатли, дизайн томонидан мазмунан бой, ички қатъий тизимлаштирилган ҳолда чиқарилган бўлиб, яқин истиқболда А.Кўчимовнинг яна икки жилдли сайланмаси тандирдан чиқиши кутилмоқда. Албатта, бу жараёнларда истеъдодли ношир Санжар Назар ва унинг жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаш ўринлидир.
Ўзбек журналистикасининг забардаст вакили, ижодий давраларнинг оқсақолларидан бири бўлган муаллиф китобини менга тақдим этар экан, уни чоп этишда молиявий кўмак кўрсатган Самарқанд вилояти ҳокимлигига ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди. Ўз ҳудудидан чиққан қалам эгаларига бундай саховат ва эътибор бугунги кунда барча ижод аҳли учун ҳам муҳим рағбатлантирувчи омил бўлиб, афсуски, барча вилоятлар раҳбарлари ҳам бу маънавий жиҳатга етарли эътибор қаратаяпти, дея олмаймиз.
Ҳеч шубҳасиз, адибнинг муқаддам чиққан ўн бешга яқин шеърий тўпламлари ва бошқа асарлари энди яхлит бир ҳолатга келаётгани, унинг илк қалдирғочи дунё юзини кўргани оддий ихлосманд сифатида мен учун жуда қувончли маънавий ҳодисадир.
Албатта, бугун тобора урфга кириб бораётган ва ўқувчилар учун жуда қулай ҳисобланган телеграм каналларида, ижтимоий тармоқларда ҳам Абдусаид Кўчимов ижодини электрон форматларда жойлаштириб бориш ҳам унинг янада кенгроқ тарғиб бўлишига муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
Л.Раҳматов
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter