Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навальнийнинг ўлими учун Путинни жазолашнинг биттагина йўли бор...

Навальнийнинг ўлими учун Путинни жазолашнинг биттагина йўли бор...

16 февраль куни Россия Федерацияси Ямало-Ненец автоном округи федерал жазони ижро этиш хизмати мухолифатчи Алексей Навальний вафот этгани ҳақида хабар берди.

Ғарб давлатлари етакчилари 47 ёшда ёруғ дунё билан хайрлашган мухолиф сиёсатчининг ўлимида Россия раҳбарияти, хусусан, Владимир Путинни айбламоқда.

Хўш, Ғарб ҳамжамияти «Путиннинг ашаддий танқидчиси» деб танилган сиёсатчининг ўлимига жавобан қандай жазо чоралари қўллаши мумкин?

Лондондаги Университет коллежи доценти Бен Нобл фикрича, Украина босқини ортидан Россияга шу қадар кўп ва оғир санкциялар жорий этилдики, эндиликда Навальнийнинг бевақт ўлимига жавобан жиддийроқ молиявий жазо қўллаш ҳам имконсиз бўлиб қолган. Шунга кўра, ҳозирги вазиятда Ғарб сиёсатдонлари Кремлга қарши кескин баёнотлар билан чекланади дейди у.

АҚШ президенти Жо Байден 2021 йилда Навальний қамоқхонада вафот этгудек бўлса, Москвани ҳалокатли оқибатдан огоҳлантирган эди. Куни кеча Байден мухолифатчининг ўлими учун жавобгарлик Путиннинг гарданида дея баёнот берди. «Ҳалокатли оқибат» ҳақидаги баёноти эслатилганда эса, бу уч йил аввалги гап экани, шундоқ ҳам ўтган йиллар ичида Россияга қарши кўплаб молиявий чекловлар қўлланганини айтди.

Дарҳақиқат, ўтган икки йил ичида Россия молиявий ва шахсий санкциялар сони бўйича Эрон ва Шимолий Кореяни ҳам ортда қолдирди. Ғарб Россияни сармоя ва юқори технологиялардан маҳрум қилди, рус экспорти учун ўз бозорини ёпди, унинг валюта захирасини музлатди. Аксар таҳлилчилар Ғарб ва Россия ўртасидаги дўстлик кўприги аллақачон ёниб кетганини айтмоқда.

Айни чоқда, Марказий ва Шарқий Европа бўйича эксперт, сиёсий фанлар номзоди Иван Преображенский Ғарб давлатлари ихтиёрида Путинни Навальнийнинг ўлими учун жазолашнинг ягона қуроли бор деган фикрда.

Унга кўра, Ғарб ҳамжамияти Халқаро жиноий маҳкама томонидан қидирувга берилган Путинни Россиянинг қонуний президенти сифатида тан олмаслиги керак. Ана шунда мухолифатчининг ўлдирилиши учун муносиб жавоб берилган бўлади. Аммо И.Преображенскийнинг ўзи Ғарб бундай жамоавий ҳаракатга тайёр эмаслиги таъкидлайди. Чунки Путиннинг легитимлигини рад этиш у билан ҳар қандай мулоқот ва музокара йўли ҳам ёпилишини англатади.  

Маълумот ўрнида, Россия маҳкамалари Навальнийни фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этган. Мухолифатчи айбловларни рад этган ва сиёсий фаолияти сабаб таъқибга учраётганини айтиб келган.

Навальний бир йил аввал қамоқхонадан йўллаган мурожаатида империячилик кайфияти Россияни ҳалокатга етаклашидан огоҳлантирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг