Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мусибат ва матонат: Туркия. 2016 йил, 15 июль

Мусибат ва матонат: Туркия. 2016 йил, 15 июль

Фото: «tvc.ru»

Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида 2016 йил 15 июль воқеалари – давлат тўнтаришига уринишнинг уч йиллиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Ушбу мамлакатнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр уч йил аввал турк давлати ва халқи улкан синовдан матонат билан ўтганини таъкидлади.

Дипломатнинг ҳикоя қилишича, Туркия Қуролли Кучлари таркибига кириб олган FETÖ (Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти) аъзолари 15 июль тунида қонли давлат тўнтариши қилишга уринди. Хусусан, Истанбулдаги икки асосий кўприк, халқаро аэропорт ва ички ишлар бошқармаси биноси исёнчилар томонидан қисқа муддатга бўлса-да эгалланди. Туркия Республикаси тарихида илк бор президент девони, ҳукумат ва парламент биноси исёнчилар томонидан бомбардимон қилинди.

Мамлакат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон зудлик билан телеканал орқали халққа мурожаат қилиб, демократия ва миллий бирликни ҳимоя қилиш учун кўча ва майдонларга чиқишга даъват қилди. 

«Миллати, эътиқоди ва сиёсий маслагидан қатъи назар, юз минглаб туркияликлар демократияни ва ҳокимиятга сайлов орқали келган ҳукуматни ҳимоя қилиш мақсадида кўчаларга чиқди. Турк халқи президент, депутатлар ва сиёсий етакчилар атрофида бирлашиб, қуроллар, ҳарбий самолёт ва танклардан ўққа тутаётган хоин исёнчиларга қарши борди ва уларнинг ҳаракатланишига йўл бермади. Шу тариқа халқнинг мисли кўрилмаган жасорати боис исёнчиларнинг пайи қирқилди. Турк миллати 15 июль тунида миллий ироданинг қудратини, демократияга осонликча эришилмаслиги ва бу йўлда қанча қурбон керак бўлса беришга тайёр эканини дунёга намойиш қилди», – деди Туркия элчиси.

Қайд этилишича, FETÖ аъзоси бўлган исёнчи ҳарбийларнинг мақсади давлат раҳбарига суиқасд уюштириш, конституцион тузум ва парламент тизимини ағдариш бўлган. Исёнчи ҳарбийлар 251 нафар инсоннинг умрига зомин бўлган, 2000 дан зиёд ватандошга жароҳат етказган.

Фото: «vnews.agency»

Туркия элчисининг маълум қилишича, ўзини «Коинот имоми» деб эълон қилган Фатҳуллоҳ Гулан бошчилигида FETÖ тузилмаси охирги 40 йил ичида яширин ҳаракат қилган. Хусусан, давлатни қўлга олиш мақсадида стратегик аҳамиятга эга бўлган идораларга ўз тарафдорларини жойлаштирган. Туркия ҳуқуқ идоралари махфий ташкилот хатаридан хабар топиб унга қарши чоралар кўришга киришганда эса шошилинч равишда давлат тўнтаришига қилишга уринган.

Элчи Меҳмет Сурейя Эр FETÖ ташкилотининг яширин мақсадларини Ўзбекистон томони биринчилардан бўлиб англаб етганини алоҳида қайд этди.  

«Ўзбекистон FETÖ’нинг ғаразли мақсадини ҳаммадан аввал англаб, ўтган аср 90-йиллари охиридаёқ ушбу ташкилотга тегишли таълим муассасаларини ёпди. Биз эса, афсуски, бу хатарни аччиқ ҳаётий тажриба асосида англаб етдик. Заковати ва фаросати учун ўзбекистонлик қардошларимизга миннатдорлик билдирамиз», – деди турк элчиси.

Қайд этилишича, Туркия адлия тизими 15 июль воқеаларидан кейин ўтган уч йил мобайнида адолат тамойили асосида кенг кўламли тафтиш ва текширувлар олиб борди ҳамда муҳим маълумотларни қўлга киритди. Шу тариқа террорчи ташкилотнинг мамлакат ичидаги фаолиятига буткул барҳам берилди. Аммо унинг фаолияти фақат Туркия билан чегараланмаган.

«Террор ташкилоти бошқа давлатларда ҳам хиёнат уруғларини экмоқда. Яшаб қолиш илинжида, жаҳон миқёсида иқтисодий-сиёсий эътибор қозониш мақсадида фаолият олиб бормоқда. Туркия барча дўст давлатларни мазкур яширин ва айёр террор ташкилоти хатаридан огоҳлантиришни бурчи деб билади», – дея сўзларига якун ясади элчи Меҳмет Сурейя Эр.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг