Номзодлар вакиллари иштирокида теледебатлар – муҳим демократик жараён
Ўзбекистон Республикаси демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо қилиш борасида изчил ҳаракатларни амалга оширмоқда. 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтиши керак бўлган Президентликка сайловлар ҳам демократиянинг бир кўриниши, шак-шубҳасиз. Сайловларни умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан ўтказилишини таъминлаш ҳамда номзодларнинг дастурларини жамиятчиликка янада кенгроқ ёритиш мақсадида 2021 йил 19 октябрь куни Президентликка номзодларнинг вакиллари иштирокидаги баҳс-мунозаралар теледебатлар шаклида ташкил қилиниб, «Ўзбекистон 24» телерадиоканалида эфирга узатилди.
Таъкидлаш жоизки, номзодларнинг вакиллари иштирокида теледебатлар биринчи марта ташкил қилинган бўлиб, анча қизиқарли тусда бўлиб ўтди ва 3 та қисмдан иборат бўлди. Хусусан, биринчи қисмда спикерлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз дастурлари билан жамиятчиликни таништириб ўтдилар. Иккинчи қисмда мамлакат аҳолисини қизиқтирган масалалар асосида шакллантирилган савол-жавоблар ўтказилган бўлиб, жавоблар учун ҳар бир вакилга 2 дақиқа вақт берилди. Ва ниҳоят, учинчи қисмда Президентликка номзодларнинг вакиллари томонидан сайловчиларга бўлган мурожаати баён қилинди.
Спикерларга қисқача тўхталадиган бўлсак, «Экологик партия» кўрсатган номзоднинг вакили Мустафоқулов Шерзод Эгамбердиевич, «Халқ демократик партияси»дан Абдуллаева Шарбат Зулфиқоровна, «Ўзбекистон либерал-демократик партияси»дан Икромов Адхам Илхомович, «Миллий тикланиш» партиясидан Тўлабоев Аъзамжон Акрамович, «Адолат социал-демократик партияси»дан Зиёев Фазлиддин Темировичлар вакил сифатида иштирок этдилар.
Теледебатларнинг савол-жавоблар қисмида жамият ҳаётига оид ва аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида шакллантирилган муҳим масалалар ўртага ташланди. Хусусан, нарх-наво иқтисодиётнинг индикатори бўлганлиги боис, уни қандай ушлаб туриш керак?, деган саволга жавобан турлича ёндашувлар бўлди. Экологик партия вакили бунга жавобан, қишлоқ хўжалигида «яшил» технологияларни жорий қилиш орқали нарх-навони ошишини олдини олиш мумкин деб, ХДП вакили нарх-навони сунъий ошишига бозорлардаги олиб-сотар тадбиркорларнинг фаолияти бўлаётганлигини ва буни назоратга олиб жоизлигини таъкидладилар. Ўз навбатида, ЎзЛиДеП вакили валюта барқарорлигини таъминлаш, инфляцияни ушлаб туриш ва пасайтириш, асосий маҳсулотлар (гўшт, тухум, ёғ ва б.) арзон бўлишини таъминлаш, деҳқон ва фермерларга имкониятлар яратиш, 2016 йилдан бошланган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини томчилаб суғоришни давом эттириш орқали нарх-навони ушлаб туриш мумкинлигини ва бу масалалар партия дастуридан ўрин олганлиги билдирди. Ушбу масалага бошқача ёндошган ҳолда, «Миллий тикланиш» партияси вакили нарх-навони пасайтиришга уринмаслик кераклигини, нархнинг ўсиши соғлом иқтисодиётда табиий ҳолат эканлиги, «Адолат» партияси вакили эса давлат бош регулятор буўлиш кераклиги, соҳага стандартлар тизимини киритиш кераклиги ҳақидаги фикрларни билдирдилар.
Теледебатлар давомида ўртага ташланган муҳим саволлардан бири, партияларнинг дастурларида камбағалликни қисқартириш бўйича қандай чоралар назарда тутилганлиги ҳақидаги масала бўлди. Бу саволга жавобан ҳам партиялар вакиллари ўртасида аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»ни олиб бориш ишларини давом эттириш, юқори ҳақ тўланадиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, давлатнинг регуляторлик ролини таъминлаш кераклиги тўғрисидаги фикрлар билдирилди.
Давлат томонидан меҳнат миграциясини ҳимоя қилишга оид партиянинг дастурида кўрсатилга чора-тадбирлар борасида ҳам сиёсий партия вакиллари ўз позицияларини баён этиб, айниқса ЎзЛиДеП вакилининг ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ушбу масалалар борасида ташкил қилинган департамент, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти борасида рақамлар ва меҳнат мигрантларининг ижтимоий ва тиббий ҳимоя қилиш, уларга солиқ солишни ўйлаш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш оид ишларни давом эттириш лозимлигини ҳақидаги фикрлари ўринли бўлди.
Шу билан бир қаторда, теледебатлар давомида ташқи қарзлар керак ёки керак эмаслиги ҳақидаги саволга ҳам баъзи партия вакиллари солиқларни кўпайтириш масаласини кўтарган бўлсалар, ЎзЛиДеП вакили мисол тариқасида, ташқи қарз эвазига Бухоро вилоятида 200 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланганлигини кўрсатиб, буни ўз кучимиз билан амалга ошириш учун 30-40 йил кутиш кераклигини, аҳолини шунча муддат куттириш мақсадга мувофиқ эмаслигини, мамлакатнинг бугунги ташқи қарзи 38 фоизни ташкил қилаётганлигини ва кўрсаткич билан биз барқарор ривожланаётган давлатлар сирасига кира олишимизни таъкидлади.
Умуман олганда, теледебатлар жуда қизиқарли тусда ташкил қилиниб, хар бир партия вакилига ўртага ташланган масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдиришга имконият яратилди. Шу билан бирга, спикерларнинг ушбу чиқишларида ЎзЛиДеП вакилининг прагматик ёндашувларининг устуворлиги яққол кўзга ташланди. Хусусан, ушбу партия вакилининг сайлов дастурида кўрсатилган 10 та соҳадан 4 таси ижтимоий соҳага, 2 таси таълим соҳасига бағишлагигини, бошқа мақсадлардан қаторида ривожланишнинг кўрсаткичи бўлган - киши бошига тўғри келадиган ойлик маошининг 2030 йилга бориб 4 минг АҚШ доллари эквивалентига етказиш борасида чора-тадбирлар режаси алоҳида аҳамият касб этди.
Исломбек Рустамбеков,
ТДЮУ проректори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter