Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Cайловолди дебат: Трамп кўпроқ ёлғон гапирдими ё Байден?..

Cайловолди дебат: Трамп кўпроқ ёлғон гапирдими ё Байден?..

Икковлон сентябрь ойида ABC телеканали эфирида ҳам баҳслашади.

Фото: AP

27 июнь куни Атланта шаҳрида АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳамда собиқ президент Дональд Трамп ўртасида илк сайловолди теледебати бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

CNN телекомпанияси томонидан ташкил этилган ва тўғридан-тўғри эфирга узатилган теледебат 90 дақиқа давом этди.

Экспертлар фикрича, илк раундда Жо Байден рақибига ташаббусни бериб қўйди. Байденнинг бўш-баёвлигидан кўнгли тўлмаган айрим демократлар у президентлик пойгасидан чиқиши ва ўрнини бошқа кучлироқ номзодга бўшатиши кераклигини айтмоқда.

Теледебат пайти ҳар икки сиёсатчи мухолифидан ўз афзаллигини кўрсатишга зўр бериб, ёлғон факт ва маълумотларни айтишдан тийила олмаган. Жумладан, СNN телеканали мунозара давомида Трамп 30 та, Байден эса 9 та ёлғон баёнот берганини ҳисоблаган. Масалан, Трамп 2021 йил январь ойида Капитолийга ҳужум ҳодисаси ҳақида гапирар экан, қонун чиқарувчи идорани кам сонли одамлар қамал қилганини айтган. Ҳолбуки, Капитолийга ҳужум билан боғлиқ жиноят ишида 1400 дан зиёд шахс айбдор деб топилган. Трамп Байденни солиқларни 4 баравар оширишда айблаган. Аслида, Оқ уйнинг амалдаги хўжайини йилига 400 минг доллардан кам даромад қилаётган фуқароларга солиқ йиғимларини сақлаб қолган ҳолда, бойлар учун солиқларни оширишни таклиф қилган.

Карикатурачи Osama Hajjaj сайловолди дебатни демократиянинг инқирози дея талқин қилди.

Аввалроқ Трамп Fox News телеканалига берган интерьюсида демократларни жиноий таъқиб қилиш ҳуқуқига эга экани ҳақида гапирган эди. Теледебат пайти собиқ президент бундай мазмунда баёнот берганидан тонган.  

Шунингдек, иқлим ўзгариши муаммосига тўхталган республикачилар номзоди унинг президентлик даврида (2017-2021) H2O, яъни сув тоза бўлганини иддао қилган.

Байден ҳам ўз навбатида муболаға ва ёлғон ишлатган. Жумладан, мухолифи пандемия даврида америкаликларни COVID-19га қарши оқартирувчи модда билан эмланишга чақирганини айтган. Аслида, Трамп инфекцияга қарши курашиш учун енгил кимёвий моддалардан фойдаланиш имконини ўрганиб чиқишни таклиф қилган эди.

Таҳлилчилар фикрича, 81 ёшли Байденнинг фикрини аниқ-тиниқ ифодалай олмагани, кўп ҳолларда тутилиб қолгани сабаб 78 ёшли Трамп ёлғон баёнотларни ҳам худди ҳақиқат каби тақдим этишнинг уддасидан чиққан.

Ҳар икки сиёсатчи мунозара пайти бир-бирининг шахсиятига тегувчи гапларни ҳам ишлатган. Байден Трампнинг юзига ҳужжатларни сохталаштириш айби билан маҳкамага тортилганини солган. Боз устига, унинг хулқ-атвори кўчадаги дайди мушуклардан фарқ қилмаслигини айтган. Ўз навбатида Трамп Байденнинг ўғли судланганини эсга солиб, унинг бошини хам қилишга уринган.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг