Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миздахкан – сукунат остидаги ажиб шаҳар

Миздахкан – сукунат остидаги ажиб шаҳар

Қадимда Хўжайлининг ғарбий чеккасида, Кўҳна Урганчга элтувчи йўл четидаги тепаликда бемисл даражада чиройли Миздахкан шаҳри жойлашган эди. Бу жой хозирга келиб марҳумлар ётадиган сукунат масканига айланган.

Бир вақтлар одамлар билан тўлиб-тошган шаҳар кейинчалик ташландиқ ҳолатга келган ва қабристонга айлантирилган. Экология вазирлиги томонидан ташкил қилинган сафар давомида турли сайёҳлик операторлари ва ОАВ ходимлари ушбу қадимий шаҳар билан танишдилар.

Қадимий Миздахкан шаҳри милоддан аввалги IV-III асрларда пайдо бўлган эди. Шаҳар харобалари бугунги кунда «Кофир қалъа» номи билан машҳур. Бу ном VIII асрда шаҳар араблар томонидан босиб олиниши билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий аҳолининг катта қисми исломга кириб боргани сари, оз сонли оташпарастлар алоҳида жойларда истиқомат қила бошлаган. Шундай қилиб, кофир атамаси оташпарастлар жойлашган манзилгоҳларга нисбатан қўллана бошланган.

Тадқиқотларга кўра, қадим замонларда Миздахкан Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоқларидан биридаги йирик савдо-ҳунармандчилик маркази бўлган. IХ асрдан ХI асргача Миздахан шаҳри мустаҳкам қўрғон қурилишидан сўнг янгиланиш даврини бошидан ўтказади. Бу давр мобайнида, дафн қилиш маросимлари ўзгаради, бу эса янги ислом динининг кириб келганидан далолат берар эди.

ХIII асрнинг бошида Хоразм воҳаси мўғул босқини натижасида вайрон бўлди ва шаҳар ҳаёти ҳам вақтинча тин олади. ХV асрнинг бошида Миздахкан яна жонлана бошлайди ва Жума масжиди, Сулаймон Хаддади Мусавия хонақоси каби иморатлар қурилади.

Миздахкан бугунги кунда ҳам қадимий иморатлари билан сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда. Бу ерда бир неча меъморий ёдгорликлар, жумладан, Мазлумхон-сулу мақбараси, Халифа-Эражеп мақбараси, Шаму-наби мақбараси ва Жўмарт-қассоб дўнги жойлашган. Уларнинг ҳар бири ҳақида турли асотир ва ривоятлар юради.

Сўнгги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш учун кўп ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистонда ҳам сайёҳлар учун лозим бўлган қулайликлар яратилган.

Чимбой туманидаги «Кўкши қалъа»даги анъанавий устахона – қорақалпоқ миллий ўтовларини ишлаб чиқариш маскани ҳам шундай жойлардан бири ҳисобланади. Бу ерда нафақат ўтов тайёрлаш техникаси билан танишиш, балки ўлка тарихи, маданияти ва турмуш тарзи ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.

Қорақалпоқларнинг қора уйи – ўтов қурилиш усули ўзига хос жиҳатларга эга. Юрта қуриш эшикни ўрнатишдан бошланади. Турли хил юрталар 6,8, баъзан 12 йиғилувчи қисмлардан (канат) ва уни кўтариб турувчи панжаралардан (кереге) йиғилади. Юртани бир неча соат ичида йиғиш ёки бузиш мумкин.

Ўтовлар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлгани учун қорақалпоқ халқи ҳамон ундан фойдаланиб келади. Шунингдек, қора уй туризм соҳасида ҳам беназир ҳисобланиб, уни атайин кўриш учун хориждан келадиган сайёҳлар бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг