Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлими ўқувчилар ва ота-оналардан расман узр сўради

Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлими ўқувчилар ва ота-оналардан расман узр сўради

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Сайтимизда бугун Тошкент шаҳридаги 210-ўрта мактабда дарсликлар билан боғлиқ нохуш ҳолат ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Саида Музаффарова қуйидагиларни маълум қилди:

«Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлимига қарашли 210-умумтаълим мактаби, шу жумладан мактаб кутубхонаси ҳам 2018 йилда капитал таъмирланиши лозим эди.

Шу боис кутубхона фондидадаги дарсликларга зарар етказмаслик мақсадида жорий йилнинг июнь ойидан китоблар шу тумандаги Мирзо Улуғбек саноат коллежи ва 248-умумтаълим мактабида махсус хоналарда сақланган.

2018 йилнинг 31 август куни мактаб директори Дилфуза Саидмуродованинг топшириғи бўйича мактабнинг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маҳбуба Ҳайитова томонидан Мирзо Улуғбек саноат коллежидан дарсликларни қайтариб олиб келиш учун кўчадан оғзаки келишув асосида «ЗИЛ» юк машинасида (ҳайдовчи ва юк машинасининг давлат рақамлари тўғрисида маълумот йўқ) ёлланган.

Шу куни соат 1630 лар атрофида шу ўқув йилида фойдаланиладиган ва утилизация қилинадиган дарсликлар коллеждан мактабга олиб келинган ва 4 нафар ишчи ёрдамида туширила бошланган.

Юк автомашинаси ҳайдовчиси вақти тиғизлиги ва шошаётганлиги учун китобларни тезда тушириш кераклигини айтган. Мактаб директори Дилфуза Саидмуродова ва директор ўринбосари Маҳбуба Ҳайитовалар мактабда таъмирлаш ишларини бажараётган ишчиларни жалб қилиш мақсадида бинога кириб-чиқаётган вақтда «ЗИЛ» ҳайдовчиси дарсликларнинг туширилмаган бир қисмини тўкиб юборган.

Шу куни соат 21 гача дарсликлар махсус ажратилган хонага олиб кириб жойлаштирилган ва уларга зарар етмаган.

Юз берган нохуш ҳолат учун 210-умумтаълим мактаби, Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлими жамоаси мактаб ўқувчилари ва ота-оналардан узр сўрайди».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг