Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миназорга айланган мевазорлар – жафокаш Қорабоғдан репортаж

Миназорга айланган мевазорлар – жафокаш Қорабоғдан репортаж

Бокунинг кенг ва равон кўчаларидан чиқиб, ғарб томон юрсангиз, Қорабоғга яқинлашганингизни энг аввало йўл сифатидан биласиз, бирдан ўйдим-чуқурлар бошланади. Кейин эса мевазор боғлар тугаб, қуп-қуруқ чўлга кирасиз. Бир вақтлар бу ерларда Қорабоғнинг донғи кетган боғлари, узумзорлари бўлган. Энди эса қуруқ бетон устунлар қаққайиб турибди, ости эса миназор. Қўрқинчли манзара.


Қорабоғнинг остонаси ҳисобланган Агдам туманида деярли ҳар қадамда минадан огоҳлантирувчи махсус белгилар бор. Ҳудудни ривожлантириш йўлидаги энг катта муаммо ҳам шу бўлиб турибди, бу ерда на эмин-эркин юриб бўлади, на ишлаб. Аммо озарбайжонлик қардошлар бунинг уддасидан чиқишмоқда, Агдам қайтадан бунёд этилмоқда. Ҳозир бу ерда асосан қурилиш техникаси ва юк машиналарини кўриш мумкин.


– Қорабоғ ҳудудида айни вақтда 1 миллион атрофида мина борлиги таҳмин қилинмоқда,
– дея бизга даҳшатли маълумотларни беради Араз Иманов. У Озарбайжон Президентининг Қорабоғ иқтисодий зонасидаги махсус вакили сифатида фаолият юритади ва бундай рақамлар билан ҳар куни ишлашига тўғри келади. – Ҳудудни ривожлантириш йўлида биз йўлиққан энг оғир масалалардан бири ҳам шу. Агарда миналар жойлашуви харитаси бўлганда балки ишимиз бироз енгиллашарди, аммо афсуски хозирча бунинг иложи йўқ. Биз Арманистон ҳукуматига босим ўтказиш орқали «харита» аталмиш баъзи қоғозларни қўлга киритдик, аммо уларни хужжат ўлароқ қабул қилиш жуда қийин. Бу харита эмас, шунчаки арман ҳарбийларининг ёзишмалари холос, ундан ҳеч қандай наф йўқ. Оқибатда ўша «харита»ни бир четга суриб қўйиб, ўз кучимиз билан миналарни тозалашимизга тўғри келмоқда.

Бутун Қорабоғ бўйлаб симсиз қолган эски симёғочларни кўриш мумкин. Жуда ёқимсиз манзара...

Иманов томонидан маълум қилинишича, Қорабоғ озод этилгандан сўнг ҳудудни миналардан тозалаш мақсадида ёрдам сўраб бир қатор давлатларга мурожаат қилинган. Аммо улар ёрдам фақат пул эвазига амалга оширилишини билдириб, махсус нархлар ёзилган рўйхатни тақдим этишган.

– Оқибатда биз уларнинг хизмати учун катта маблағ тўлагандан кўра, ўз йигитларимизни тайёрлашни маъқул кўрдик. Агар ўша вақтда бизда мина тозалаш бўйича 500 нафар мутахассис бўлган бўлса, ҳозирда 2000дан ортиқ ходимларимиз фаолият олиб боряпти, – дейди Араз Иманов.

Минадан огоҳлантирувчи белгилар. Бу ерда ҳар қадамда мина бўлиши мумкин

Президентнинг махсус вакили миналарни тозалаш бўйича оғир ва машаққатли меҳнат натижасида қўлга киритилаётган тажрибадан сўзлаб беради. Унинг айтишича, бу борада ҳамма чоралар қўлланмоқда, ҳатто ўргатилган махсус ит ва каламушлардан ҳам фойдаланилмоқда.

Албатта бу нафақат оғир, балки жуда қиммат жараён ҳамдир. Араз Имановнинг таъкидлашича, турли ҳисоб-китобларга кўра Қорабоғни минадан тўлиқ тоза ҳудуд деб айтиш учун 20-25 йил вақт ва 20 миллиард доллар атрофида маблағ лозим бўлади.

Қийин, жуда ҳам қийин...

Арман айирмачилари шу ерда мудофаада туришган

Миназорларга узоқдан қарар эканмиз, хавфсизлик масаласида бизга бириктирилган ходимлар имкон қадар йўлдан четга чиқмасликни қайта ва қайта эслатадилар. Йўлнинг шундоқ юзида эса арман айирмачиларидан қолган окоп, дот ва бошқа иншоотлар турибди. Улар узумзорларнинг бетон устунларини йиғиб келиб, ўқ отиш учун махсус туйнукли жойлар қуришган, ертўла кавлашган, ҳандақлар қаршисига тиканли симлардан ўтиб бўлмас тўсиқлар қилишган. Ҳа, айирмачилар бу урушга сал кам 30 йил тайёрланишди, аммо оқибатда Агдамни бир дона ўқ узмасдан топширишга мажбур бўлишди. Озарбайжон ҳарбийлари бошқа йўналишда ҳужумга ўтишди ва катта муваффақиятга эришишди. 44 кунлик уруш якунида Россия воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имзоланган уч томонлама шартномага кўра, Агдам ҳам бошқа бир қатор ҳудудлар қатори жангсиз Озарбайжон ихтиёрига қайтарилди.

Агдам марказидаги Маданият саройининг олдинги ва ҳозирги ҳолатлари икки суратда

Аммо шаҳар ўтган чорак аср давомида ер билан битта қилиб бўлинган эди. Бежизга Агдамни «Кавказнинг Хиросимаси», деб аташмас экан, шаҳар вайроналарини айланар эканмиз бунга қайта-қайта гувоҳ бўлдик. Бир вақтлар «шаҳар» аталган ва 160 минг одам яшаган жойда битта ҳам бутун бино кўрмайсиз, ҳаммаси вайрон қилинган. Мана бир вақтлар шаҳарнинг марказий майдонида жойлашган Маданият саройи, унинг фақат олди қисми бутун қолган, майдон эса кимсасиз тошлоқдан иборат. Нарироқда эса меҳмонхона вайроналари бор. Уруш етказган барча ситамларни биргина Агдам мисолида керагидан ортиқ кўриш мумкин, айирмачилар шаҳарни босиб олгандан сўнг талаш ва ўғирлаш мумкин бўлган барча нарсани ташиб кетишган. Уйларни эса шунчаки ёқиб юборишган.


Бироқ шукрки, Агдамда кишига тасалли берадиган жиҳат ҳам топилади – масалан, Агдам анжуманлар маркази ва унинг ёнгинасида жойлашган замонавий меҳмонхона қандайдир 80 кунда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шаҳарнинг бош режаси эса 2021 йилдаёқ тасдиқланган бўлиб, унга кўра айрим вайроналар келажак авлодга хотира бўлиб қолиши учун консервация қилинади ва қолган жойлар тўлиқ қайта қурилади.


Аслида Агдамда уч-тўрт соат бўлиб, кейин бошқа ҳудудга чиқиб кетишимиз режалаштирилган экан, аммо бу кўнгилсизликка шунчаки қараб ўтиб кета оласизми? Вайроналар оралаб, шаҳардан чиқиб кетгунимизча анча вақт ўтди, сўнгра турли давлатлардан келган журналистлар яна бир жафокаш ҳудуд – Физули томон йўлга тушдик.

Физулида ҳам Агдамдаги манзаралар айни такрорланади, миналар, окоплар, танкка қарши ҳандақлар, тиканли симлар...

Симёғочлар таги минага тўла, уфққа қадар чўзилган мина майдонлари...

Шунингдек бу ерда яна бир даҳшатли ҳолатни кўрдик, арман айирмачилари қурган қатор ва қатор мудофаа иншоотларидан ўтиб бораркансиз, йўлнинг ўнг томонида Кочахмедли қишлоғи харобаларига дуч келасиз. Харобалар қаршисида, шундоқ йўл юзида эса XVIII асрда бунёд этилган масжид турибди, ундан истило вақтида молхона сифатида фойдаланишган.

Кочахмедли қишлоғи вайроналари ва молхонага айлантирилган масжид
Масжиднинг ички кўриниши. Кочахмедли масжиди шу ҳолатда консервация қилинади ва инсониятга қарши жиноят сифатида йиллар давомида намойиш этилади

– Қаранг, қишлоқ вайрон қилинган бўлса ҳам мол, қўй, товуқ боқиш учун бошқа бино топса бўларди. Аммо улар айнан шу масжидни танлашган ва унда чорва молларини сақлашган, – дейди биз билан сафарни давом эттираётган Араз Иманов. У бизни масжид ичкарисига бошлаб киради, айирмачилар меҳробга нималарнидир ўйиб чизишган ва унга автоматдан ўқ узиб, кўнгилхушлик қилишган. Оёқ ости эса турли ҳайвонлардан қолган гўнг билан тўла.


Масжид эшиги пештоқига муқаддас Қуръондан оятлар туширилган, бу ерда асрлар давомида одамлар ибодат қилишган, ўзига хос архитектураси эса унинг тарихий-бадиий қийматини кўрсатиб турибди. Шундай муқаддас жойни топташ учун қанақа одам бўлиш керак? Умуман, одам бўлиш керакми ўзи?

Бу ердан оғир кайфиятда чиқиб кетдик...

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан ташкил этилган Қорабоғ сафари давом этади. Xabar.uz ахборот-таҳлилий порталида кейинги манзиллар ҳақида ҳам маълумотлар берилиши режалаштирилган.

Зафар Қосимов, Қорабоғ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг