Миграция масалаларини Ўзбекистон билан биргаликда ҳал қиламиз – Путин

19 июнь, пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин дунё ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашди ва уларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Мазкур тадбирда иштирок этган ЎзА Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, жумладан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояларига доир мамлакатда олиб борилаётган ишларга доир Путиннинг фикри билан қизиқди.
Кўчимов, шунингдек, икки томонлама «аниқ лойиҳа ва йўналишларни ўз ичига олган кенг кўламли узоқ муддатли ёшлар алмашинув дастурини қабул қилиш»ни ҳам таклиф қилган.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жуда муваффақиятли, изчил ривожланмоқда. Қозоғистонлик ҳамкасбингизнинг саволига жавоб берганимда, у ерда кўплаб уч томонлама лойиҳаларимиз борлигини айтдим. Айтганча, атом энергетикаси соҳасида Ўзбекистонда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам жиддий лойиҳаларга қўл уриляпти. Биз бу борада қаттиқ ишлаяпмиз ва бу лойиҳаларни ишлаб чиқишнинг яхши босқичида турибмиз.
Дарвоқе, суҳбат аввалида Индонезия ҳақида гапирганда, мен дунё жуда тез ривожланаётганини, Индонезияда деярли 300 миллион аҳоли борлигини айтдим. Дунё ростан ҳам жуда тез ўзгармоқда. Қаранг, Ўзбекистонда бундан 30 йил аввал 15, балки 18 миллион одам бўлган бўлса, ҳозир 38 миллион аҳоли истиқомат қилади ва ҳар йили бир миллионга ўсяпти. Ҳамма нарса қанчалик тез ўзгариб бораётганини кўряпсизми...
Албатта, биз меҳнат бозорида жуда кўп ижтимоий муаммолар борлигини биламиз ва буни тушуниб турибмиз. Шавкат Миромонович билан миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишга келишиб олдик. Нега? Чунки бугунги кунда меҳнат бозоримиз қандай авҳолалигидан хабаримиз бор. Бу сизга бироз босим бўлиши мумкин.
Аммо биз нима қилишни биргаликда келишиб олдик: Россияда ишлашни хоҳлайдиганлар олдиндан тайёрланади. Бу рус тилини, рус маданиятини ўрганишга ва бошқаларга тегишли. Умуман олганда, бу борада яхши режаларимиз мавжуд. Умид қиламанки, буларнинг барчасини ташкил қиламиз.
Шу нуқтаи назардан, ёшлар билан ишлаш масалси – бу ўз-ўзидан жуда муҳим ва қимматли. Бу маънода мен сиз билан тўлиқ ҳамфикрман. Билишимча, Шавкат Миромоновичнинг ёрдамчиси – Саида Шавкатовна яқинда Москвада бўлиб, ҳукуматдаги, Президент маъмуриятидаги кўплаб ходимларим билан учрашган эди. У Президентингиз топшириғига кўра ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, таъбир жоиз бўлса, ушбу ёшлар йўналишини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Аниқ таклифлар бор, бу борада албатта бирга ишлаймиз. Бу [ёшлар йўналиши] энг муҳим йўналишлардан бири - мен сиз билан ҳамфикрман, – деди РФ президенти Владимир Путин.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Россия ҳудудидаги айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани хабар қилинган, шунингдек, ҳолат бўйича Россия ТИВга Ўзбекистон элчихонаси томонидан нота юборилгани айтилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter