Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«McAfee» антивирусини яратган Жон Макафи қамоқда ўлик ҳолда топилди

«McAfee» антивирусини яратган Жон Макафи қамоқда ўлик ҳолда топилди

Фото: «Reuters»

Испаниянинг «El País» газетаси «McAfee» антивирусини яратган Жон Макафи испан қамоқхонасида оламдан ўтгани ҳақида хабар тарқатди, кейинчалик АҚШ Адлия вазирлиги хабарни тасдиқлади.

Макафига биринчи ёрдамни кўрсатишга уринган шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишолмаган. Ўлим тафсилотларини полиция ўрганмоқда, «New York Times» ёзишича, Макафи ўз жонига қасд қилган.

«McAfee» асосчиси 2020 йилнинг октябрида Испанияда қўлга олинганди — уни АҚШга экстрадиция ва даромадларини солиқдан яширгани учун 30 йил қамоқ жазоси кутаётганди. Испания Олий суди экстрадиция ҳукмини чиқарганидан бир неча соат ўтиб, Макафининг ўлими хабари тарқалди.

Макафини 2012 йилда Белиздаги қўшнисини ўлдиришда ҳам гумон қилишган, 2016 йилда режиссёр Нанетт Бурштейн «Гринго: Жон Макафининг хавфли ҳаёти» деб номланган ҳужжатли фильмни суратга олганди. Фильмда Макафи ўз қўшнисини қийнаш ва ўлдириш мақсадида 5000 долларга қотил ёллагани ҳикоя қилинади. Бундан ташқари, фильмда Макафи бизнес бўйича ҳамкори Эллисон Адонизо исмли аёлга наркотиклар бериб, номусига теккани ҳам келтирилган.

«McAfee» антивирусига эгалик қилувчи «Intel» компанияси 2014 йилда бренд фаолиятини, унинг асосчиси номи билан боғлиқ нохуш воқеалар сабабли, тугатиб боришини маълум қилганди. 2017 йилда «Intel» ўз бизнесидан чиқариб юборгач, «McAfee» мустақил компанияга айланганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг