Машҳур шоир ҳаётидаги аёллар: муҳаббат ва таҳликалар аросати
Ўлмас асарлари билан рус адабиётига ҳайкал қўйиб кетган Пушкин жуда машҳур эди. Бироқ улкан шон-шуҳратга эришган шоир оилавий бахтга сазовор бўла олмади. Унинг ҳаёти ола-тасир, қийинчилик билан ўтди. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ўзига муносиб аёлни топишга жуда қийналди. Пушкинга ошуфта аёллар ниҳоятда кўп, аммо уларнинг бирортаси унга мос равишда умр йўлдоши бўла олмади.
1817 йил ёзда лицейни тугатган Пушкин Петербург шаҳрига кўчиб келди. Екатерина Семёнова билан театрда танишди. Бу актриса нафақат гўзаллиги, балки истеъдоди билан ҳам шоирни мафтун қилган эди. Шоир унга мойиллик билдирди, бироқ актрисадан тайинли жавоб бўлмади. Шундан сўнг Александр ўзидан йигирма ёш катта княгина Евдокия Голицинага юрагидан жой берди. Князнинг уйига казо-казолар меҳмон бўлиб келишар, катта-катта зиёфатлар уюштириларди. Пушкин пулдор ёки амалдор бўлмаса-да, бу хонадоннинг энг қадрли меҳмони эди. Шоирни жудаям ҳурмат қилишар, қадрлашарди.
Пушкиннинг обрўси кундан-кун ошиб борди. Шаҳарда унга эргашувчилар кўп эди, шоир декабристлар билан яқин алоқада эди. Ҳукумат хавотирга тушди. 1820 йили хизмат тақозоси баҳонаси билан Пушкин бошқа шаҳарга жўнатиб юборилди. 1824 йили эса вазифасидан бўшатилиб, 1826 йилгача полиция назоратида Михайловск қишлоғига юборилди. Шоир сургунда генерал Раевнинг 22 ёшли Екатерина, 16 ёшли Елена ва 14 ёшли Марина исмли қизлари билан танишди. Пушкин уларга шеърлар ўқиб берар, бирга саёҳатларга чиқишарди. Бу узоққа чўзилмади.
Кишинёвга ташрифи чоғида Пушкин бессарабиялик бой помешчикнинг хотини Людмила Инглезини севиб қолди. Людмила гўзаллиги билан донг таратган эди. Шоир ҳиссиётларини жиловлай олмасди. Людмила ҳам шоирга нисбатан бефарқ бўлмади. Уларнинг сири очилиб қолди. Оқибатда Людмиланинг эри Пушкинни дуэлга чақирди. Бундай оғир ва қалтис вазиятдан шоирни дўсти қутқариб қолди.
Пушкин шундан кейин ҳам тинч юрмади. У грек қизи Калипсо Полихрон билан танишди. Бу қизнинг ажойиб овози бор эди. Шоир унга атаб «Садоқатли грек қизи, йиғлама» деган шеърини ёзди...
Киевнинг Левашов кўчасидаги губерния уйида ҳаёт қайнарди. Кечқурунлари кўчалар одамлар билан гавжум бўларди. Улар орасида сайр учун чиққан Пушкинни ҳам тез-тез учратиш мумкин эди. 1820 йилнинг май ойи эди ўшанда. Польшалик граф Раевскийлар уйи шоир қўним топган губернатор хонадонининг боғи билан туташ эди.
Пушкин Ржевскийнинг икки нафар турмушга чиққан қизи − Эвелина ва Каролина билан танишди. Каролина Пушкиндан олти ёш катта эди. Бу аёллар гўзаллиги билан барчани мафтун этган, ошиқлари кўп эди. Пушкин шундай эркаклардан бири бўлишни истарди. Аммо шоир уларни бирдан йўқотиб қўйди ва кўп ўтмай Каролинани Одессада учратиб қолди.
Каролина билан Александрнинг учрашувида бир маъно бор эди. Буни уларнинг бир-бирларига интилишлари, хатти-ҳаракатлари ва қарашларидан ҳам сезиш мумкин эди. Бир йилдан сўнг Пушкин шундай деганди: «Мен бу қизни деб ақл-ҳушимни йўқотган эканман. Бутун ихтиёримни унга бериб қўйибман. Бу қандай содир бўлганини ҳеч эслолмаяпман».
Орадан анча йиллар ўтгач, Пушкин Каролинани Петербургда учратди. Эски дардлари қўзғалди, ҳис-туйғулари қайта жонланди. Бироқ натижа кутилганидек бўлмади. Чунки Каролинага «Пушкин уйланибди» деган миш-мишлар етиб келган эди.
1823 йили шоирни Кишинёвдан нотинч Одесса шаҳрига ўтказишди. Шоир бу шаҳарда ҳам бир хонимнинг юрагига чўғ ташлади. У бой тижоратчининг хотини Амалия Ризнич эди. Иван Ризничнинг уйи доимо меҳмонлар билан гавжум бўларди. Ана шундай меҳмондорчиликлардан бирида Пушкин Амалия билан танишиб қолди. У ниҳоятда гўзал, кўрган эркаклар дарҳол маҳлиё бўлишарди. Амалия шоирга ўз инон-ихтиёрини топширди. Аммо севишганларнинг учрашуви узоққа чўзилмади. Иван Ризнич буни сезиб қолиб, бевафо хотинини барча моддий бойликлардан маҳрум қилди ва Италияга жўнатиб юборди. Александр айрилиқдан қаттиқ азият чекди. У Амалияга бағишлаб шеърлар ёзди.
Шундан сўнг Пушкин ўз нигоҳини Елизавета Воронцовага қаратди. У олов билан ўйнашаётганини билмасди. Елизавета салобатли ва қаҳри қаттиқ генерал-губернатор, граф Воронцовнинг рафиқаси эди. Шоирнинг замондоши Вигел ўттиз ёшли Елизавета ҳақида шундай ёзган: «Полшалик хоним ҳар қандай йўл билан бўлса-да, шоирга ёқишга ҳаракат қиларди. Шу пайтгача шоирга биронта аёл бундай илтифот кўрсатмаганди». Пушкин Елизаветага шеърлари билан жавоб берди. Севишганлар пинҳона учрашишга ҳаракат қилишди. Граф Пушкинни Херсон уездига махсус топшириқ билан жўнатиш учун буйруқ чиқарди. Шоир буни ҳақорат деб тушунди ва истеъфога чиқишга ариза берди.
«Омадсиз севгилар боби»да гангиган Пушкин ўзидан нафратлана бошлади. Хизматдан бўшагач, у Михайловскка кетди. Дастлабки ойларда Одессада яшаётган Елизаветанинг хаёллари билан яшаб, кўплаб шеърлар ёзди. Аммо вақт ўтган сайин уни ҳам унутди. Шундан сўнг шоир бутун аламини шеър ёзишдан олди. Бироқ...
Бўм-бўш юрак яна аёллар ишқида ёна бошлади. Ён қишлоқ Тригорскда Прасковя Александровна Осипова эри билан яшарди. Улар билан биринчи эридан Анна ва Евпраксия, ўгай қизи Александра Ивановна ҳамда жияни Анна Ивановналар бирга туришарди. Пушкиннинг бу қўшнилари билан муносабати яхши, улар шоирни интиқ кутишарди. Ёшлар бекорчи вақтларини кўнгилхушлик билан ўтказишарди. Шоир қизларни хафа қилиб қўйишдан чўчирди. Шу боис, уларга эҳтиёт бўлиб муомала қиларди. Уй бекаси Пушкинни ёқтириб қолди. У шоирдан ўн беш ёш катта эди. Пушкин эса ўн беш ёшли Евпраксияни севиб қолди. Уни ҳазиллашишиб Зизи деб чақиришарди. Ажойиб кунларнинг бирида, иккаласи ёлғиз қолди ва бир-бирига кўнгил изҳор этди. Ёшларнинг бу аҳд-паймони Тригорскликларга маълум бўлди ва уларнинг тўйи ҳақида гап-сўзлар тарқалди.
Агар Александрнинг қариндоши Анна Керн келмаганида, балки тўй ҳам бўлиб ўтармиди?.. Пушкин қачонлардир А.Кернни Петербургда учратганди. Шундан сўнг ёшлар олти йил кўришишмади. Шоир Аннани учратгач, ҳаловатини йўқотган эди. Илгариги муҳаббат дарди унга тинчлик бермади.
Анна Ригага кетишидан олдин Александр унга тўрт варақ шеър ёзиб берди. Анна Петровна Керн қирқ йилдан сўнг ўз эсдаликларида шундай деб ёзган: «Мен Пушкиннинг шеърий туҳфасини кичкина қутичага яшираётганимда у менга узоқ тикилди. Кейин қўлимдан тортиб олди-да, бошқа бермади. Мен шеърни қайтариб беришини ялиниб сўрадим... Шоир нима деб ўйлаган, билмайман».
Анна Керн ва унинг қариндоши Анна Вулф ҳам Пушкинни ёқтириб қолишган. Шундан сўнг улар Ригага кетишди. Пушкин иккала Аннага ҳам мактуб битди. Анна Керн Ригада турмушга чиқди. Пушкин унга оиласини ташлаб, ўзининг олдига, Псковга келишини бот-бот сўради. Анна худди шундай қилди – оиласидан қочиб кетди. Эри уни алдагани учун маблағсиз қолдирди. Анна бир бурда нон топиш учун корректура ўқиди, французчадан таржималар қилди. Бир амаллаб қийинчилик билан кунини ўтказиб юрди. У Пушкинни кутди. Аннанинг боши очиқ, энди улар учрашишлари мумкин эди. Аммо 1826 йили Михайловскдан қайтган шоир Анна билан ёлғиз учрашишни истамади. Шунга қарамай, улар жуда яқин бўлиб қолишди. Анна Керн Москвада яшай бошлади. У Михайловскдан келадиган хатларни ўқир ва шоирнинг эҳтиросли мактубларини сотиб пул ишларди. Бу ажойиб дурдоналарни Керн Глинкага романс ёзиш учун берарди. Пушкин кимга атаб шеърлар ёзган бўлса, шу асосдаги романслар машҳур бўлди.
Шоир Москвага қайтгач, уни турли адабий кечаларга таклиф эта бошлашди. 1826 йил кузда пойтахтда севимли Пушкин билан шундай учрашувлардан бирини ташкил этишди. Нашриётлар унга энг юқори қалам ҳақи тўларди. Шоир эса бу маблағларни аямай, орқа-олдини ўйламасдан сарфлаб юборарди.
Ниҳоят, Александр Сергеевич бу нотинч ҳаётдан чарчади. У сокинлик излаб қолди. Худди шундай пайтда Анна Алексеевна Оленинани учратиб қолди ва кўнгил қўйди. Аммо унинг онасидан рад жавобини эшитгач, илгариги таниши Екатерина Ушакованинг қўлини сўраб борди. Бироқ энди кеч бўлганди. Екатерина унаштирилган экан. Тўла-тўкис бахтга эришолмаган шоир: «Мен энди қайси остонага бош урай», дея алам билан сўзлади.
1828 йилнинг қиш ойида Александр Пушкин Москвадаги баллардан бирида 16 ёшли Наталя Гончарова билан танишди. Наталя бу ерга яқинда келган бўлса-да, ижро этган романслари барчани лол қолдирди. Уни Москвадаги энг гўзал қиз деб тилга олишди. Пушкин қизга севги изҳор этди. Бироқ жавоб мужмал бўлди. Мўмин-қобил, тартиб-интизомли бу қиз шоирнинг ҳаловатини ўғирлаган эди. Ниҳоят у Пушкин билан оила қуришга қатъий аҳд қилди.
Уларнинг унаштирилиши икки йилга чўзилди. Ниҳоят, 1830 йил апрелида қиз томон тўйга розилик билдирди. «Бўлди, тамом, энди уйланаман. Уни топганимга икки йил тўлади. Қаерда бўлмайин, кўзларим доимо шу гўзални қидиради. Ҳаётим усиз кемтик, мазмунсиз. Мен бахт ҳақида бунчалик узоқ ўйламагандим. балки бу шунчаки кўнгил ишидир, ўтиб кетар, дегандим. Энди ўйласам, хато қилган эканман». 1830 йил баҳоридаги унаштириш маросимидан кейин Пушкин ана шундай ёзган эди.
Тўй ҳар хил баҳоналар сабаб орқага суриб келинаётганди. «Александр тезроқ никоҳдан ўтишга ундаса, Наталя маблағи йўқлигини очиқ-ойдин айтарди. Шоир баҳоналарга чек қўйиб, севгилисининг никоҳ кўйлагини тиктириши учун пул топиб келди. Тўйга тайёргарлик ва никоҳ базми учун жуда кўп маблағ кетди», деб эслаганди княз Долгоруков.
Шоир тўй ташвишларидан зерикди. Бундай пайтларда у асабийлашар, сиқилар ва дўстларига қўнғироқ қиларди. Тўйдан бир ҳафта олдин Пушкин ўртоғи Н.Кривцовга шундай деб ёзган: «Мен уйланиш арафасидаман. Бўйдоқлик даврида нима деган бўлсанг, ҳаммасини ўйлаяпман. Танлаган йўлим тўғри ёки нотўғрилигини яна бир бор хаёлимдан ўтказяпман. Ёшлигим ҳаяжонли ва самарасиз ўтди. Қандай яшаган бўлсам, ҳалигача шундайман. Менда бахт йўқ эди... Ёшим ўттизга бориб қолди. Мен тенгилар аллақачон уйланган. Энди мен ҳам ўртоқларим каби оила қураяпман. Бундан афсусланмайман, деб ўйлайман. Энди ёшлигим қолмади. Жиддийлашяпман. Қатъий туриб келажагимни ўзим қураман...»
Тўй ниҳоятда тантана билан ўтди. Наталя янада гўзал ва чиройли бўлишга ҳаракат қилди. Александр тўйдан кейин маҳбубасини кўпроқ севди.
Хўш, Пушкин бахтли эдими? Уни ёшлигидан икки аёл телбаларча севиб келарди. Бироқ Пушкин уларга эътиборсиз бўлди. Унинг қайноқ қони жўш уриб турар, ҳаёти муҳаббат ва таҳликалар орасида ўтарди. Шоир «севги бобида» кўпларни учратди. Ранг-баранг «муҳаббат»дан унинг юрагини бирортаям гўзал жиз этказмаганди. Ниҳоят, у Наталясини топди. Бахт деб билганинг қаерларда, билолмайсан, кутилмаганда топасан. Александр Пушкин тақдирида ҳам шундай бўлган эди.
Иззат Аҳмедов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter