Амир томонидан фожиали тарзда қатл қилинган бухоролик шоир

XIX аср охири ва XX аср бошларида Бухоро жадидчилик ҳаракатларига маьлум даражада хайрихоҳлик билдирган, ҳамкорлик қилиб, уларнинг ғояларини, айниқса ватанпарварлик, маьрифатпарварлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган шоир, ёзувчи ва бошқа қаламкашлар икки юзга яқин бўлган. Мазкур даврда Бухоро амирлигида Мирзо Содиқ Мунший, Мирзо Ато, Муҳаммад Нишотий, Мужрим Обид, Сўфихўжа Сўфий, Бебок, Возеҳ, Савдо, Музтариб, Исо Махдум Бухорий, Муҳаммад Сиддиқ Ҳайрат, Абдураҳмон Тамкин, Саҳбо, Яъқуб ибн Дониёл Бухорий, Мулла Ибодулла ва Мулла Муҳаммад Шариф, Муҳаммад Олим Бухорий, Мирзо Абдулазим Сомий Бўстоний каби шоир ва тарихчилар ижод қилишган.
Замоннинг ижтимоий иллатларини, амиру амалдорларнинг адолатсизликларини ўз ижодларида кескин танқид қилган Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ, Шамсиддин Шоҳин, Аҳмад Дониш, Абдуқодирхожа Савдолар орасида миллатимиз ойдинларидан Мирзо Ҳайит Саҳбо ҳам бор эди.
Тошкент давлат Педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, шоирнинг исми шарифи Мирзо Ҳайит, «Саҳбо» эса тахаллусидир.
«Саҳбо» қизил май маъносини билдиради. Мирзо Ҳайит Саҳбо Бухоронинг Вобкент туманида таваллуд топиб, Бухорога ўқишга келади. Афзал Пирмастий Саҳбога қуйидагича таъриф беради: «У шундай мард кишики, ниҳоятда донишманд, ўта хушмуомала, ҳиммати олий, марҳамати баланд, парҳезкор, ниҳоятда тетик, ақлли, шеършунослик ва байтшуносликда тенги йўқ, табиати нозик, зеҳни ўткир, шеърлари ғоят гўзал, сўзлари фасоҳатли... девони мукаммал... асарлари оммага мақбул ва манзур... Шеърининг таъбири ва таҳрири бениҳоя нозик, ранг-баранг, туркий ва тожикча ғазаллари мазмунан ниҳоятда хўб, қофиялари бениҳоя марғуб...» Саҳбо мадраса хатмидан олдинроқ Абдулаҳад Кармана ҳокими бўлган давридаёқ унинг дарборига ишга олиб, турли кичик мансаблар тортиқ қилинади. Эҳтимол, валиаҳд шаҳзода ва Саҳбони шеърга, адабиётга меҳр яқинлаштиргандир. Ҳар ҳолда уларнинг ўзаро муносабатлари жуда яхши бўлган. Абдулаҳад Саҳбонинг мард ва тантилигини, салоҳиятини қадрлаган»,-дейди Шавкат Бобожонов.
Тарихга кўра, Саҳбо Бухоро адабий муҳити муҳитининг раҳнамоларидан бири бўлган Латифжон Махдум хонадонидаги шоир ва фозил кишилар суҳбатларида иштирок этиб турган. У мувашшах шаклидаги 40 та шеърининг 8 тасини ўзбек тилида ёзган. Мувашшаҳ арабча “вашшаҳ» - «камар», «белбоғич» сўзидан олинган бўлиб, «бўйни боғланган» маънони англатар экан. Маълумки, мувашшаҳ шеърнинг ҳар бири мисра, байт ёхуд бандининг бошланиш ҳарфларидан бирор нарса ёки шахснинг номи келиб чиқади. Мувашшаҳлар қитъа, рубоий, муаммо, ғазал, мусаммат, каби турли жанрлар шаклларида яратилган. Шоир 3 та мувашшаҳдан ташқари, 37 та мувашшоҳга ўз тахаллусини ёзиб қолдирган. Шоирнинг 35 та мувашшаҳи ғазал шаклида, 5 таси эса Муҳаммад шаклида ёзилган. Мирзо Ҳайит Саҳбо ўзининг мувашшаҳини 5 киши номи билан тузган. Биринчиси, Абдулқодир (Абдулқодир махдум мадрасаси муаллими), иккинчиси, Кулижон (Мирзо Мустафоқули, Мулло Бўрибойнинг ўғли), учинчиси, Очилди (Мулло очилди, мулла Байё ўғли), тўртинчиси, Очилди (Қабадиённинг терига ишлов берувчи устаси) ва бешинчиси Мансур (Қабадиён қозиси). Уларнинг ҳар бири Бухорода ҳам, Қабодиёнда ҳам катта обрўга эга бўлишган.
Шавкат Бобожоновнинг таъкидлашича, Абдулаҳадхон Бухорога амир бўлгандан сўнг ҳам уни ўз дарборида эшик оғаси, мирзолик, муншилик мансаби ва тўқсаболик унвонларини берган. Лекин, Саҳбо амир дарборидан ҳеч қандай маош олмай, қашшоқликда яшаган. Бошқа амалдорлардек халқ ҳисобидан бойлик тўплаш, халқни талаш кабилардан анча узоқ турган.
«1908 йилнинг 23 октябрида Абдувоҳид Мунзим Бухорода Садриддин Айний билан Саллоҳхона гузарида жойлашган ҳовлисининг меҳмонхонасида ташкил этган янги усул мактаби Остонақул қўшбеги томонидан ўтказиладиган йиғилишлардан бирида Бурҳониддин раис томонидан бидъат ва ҳаромдир, дея танқид қилинган. Бухоро бош миршаби Мирза Саҳбо мажлисда қатнаша туриб, «ушбу мактаб мусулмон болалари учун лозим ва фойдалидир. Буни ёпмоқ, исломга хиёнат ва мусулмон болалари ҳақида жиноятдир. Мен умид қиламанким, бу ишга жасорат қилмасангиз керак»,- дея раисга қарши чиққан. Саҳбо ҳамма вақт амирнинг дарборидаги амалдорларни бўрилар тўдасига ўхшатади. Ҳатто, амирнинг ўзи ҳам мамлакат ободонлигига аҳамият бермаётганини, айш-ишратдан бош кўтаролмаётганини, амалдорлар бундан фойдаланиб, халқни талаётганларини, амир сардорлари бўлган чет эл (Россия) мансабдорларнинг малайи эканлигини ўзининг ҳажвий шеърларида гоҳ очиқ, гоҳида яширин бир суратда баён қилади»,-дейди Шавкат Бобожонов.
Мирзо Ҳайит Саҳбонинг ҳажвий асарлари ва унинг маърифатли хислатлари, ҳақгўйлиги амирга ҳеч ёқмаган. Амир Олимхон даврида Саҳбога пастроқ мансаб берилган. Дарбордан ҳайдалган ва шаҳар рўди (Шахруд)нинг мироблиги мансабига тайинланган.
«Чунки мироблар сувларни пулдорларга сотиш билан кун кўрар эдилар, уларга ҳеч қандай маош тўланманган. Лекин, Саҳбо қанчалик қашшоқликда яшаса ҳам, обфурушлик қилмаган. Деҳқонларга ҳақиқатдан юзасидан сувларни уларнинг ерларига навбати билан баробар тақсимлаган. Халқ ундан рози бўлиб, унинг обрўси кундан-кунга ошаверган. Бу аҳволни билмай, амир ўз ўчини ололмай, икки йилдан кейин уни бу ишдан ҳам олиб, шаҳар миршаблиги, яъни шаҳар полиция маҳкамаси бошлиғи вазифасига тайинлаган. Миршаблик мансаби миробликдан ҳам баттар бўлган. Чунки, агар мироб деҳқонлардан пора олиб, сувни фақат пулдорларга берадиган бўлса, миршаб ўғрилар ва киссавурларнинг ҳисобидан ўз маишатини ўтказган ва улар билан шериклик қилиб, уларни жазоламаган. Саҳбо эса бу ишда ҳам камоли поклик билан хизмат қилиб, уйидаги тамоми ортиқча ашёларини сотиб, қашшоқда кун кўра бошлаган. Аммо, ўғри ва киссабурлар билан ҳеч бир шерикчилик қилмаган, уларни агар хоҳласалар насиҳат қилиб, бу ножўя ҳаром ишлардан қайтаришга ундаган. Шаҳарда ўғри ва киссавурлар, қиморбозлар анча камайган. Амирга пешкаш юбормаган. Чунки, пешкаш юбориш учун мурдор, ножўя ишларга қўл уриши керак, дегани бўлган. Унинг миршабли даврида шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқ халқлари осуда ҳаёт кечира бошлашган. Ўғрилик ҳодисалари тамомила камайган»,-дейди суҳбатдош.
Маълум бўлишича, шоир шаҳар кўчаларида кечқурунлари фонарлар ўрнатган. Шаҳарнинг оддий ахолисини навбат билан ўз кўчаларини қоровуллик қилишга ундаган.
Амир бу ишдан ҳам шоирдан ўз ўчини ололмасдан кейин уни бутун ишлардан бўшатиб, кичик амалдор вазифасига тайинлаган. 1915 йилда шаҳар миршаблар маҳкамаси бошлиғининг буйруғига биноан, унга газета ўқиш таъқиқланган. Кейинчалик, хонанишинлик (уй қамоғи)га олинган. Саҳбо хонанишинлик вақтида амир ва унинг дарборининг порахўрлиги, ҳарому-ҳариш ишларни қилганликлари учун уларни ўз ҳажвий шеърлари билан танқид қила бошлаган.
«Шоир ёрдан мурувват кутаркан, гоҳ-гоҳ замоннинг бевафолигидан, халқ орасидан инсоф, меҳр-шафқат кўтарилганидан нолийди. «Сен улусдан, эй кўнгул, меҳру муҳаббат излама», деб ёзади, «жабру зулм билан Саҳбонинг аҳволи фано» бўлганлигини маълум қилади. Латифжон Махдум ўз тазкирасида шоир ҳақида шундай деб ёзади:
Очиқ айтар эрди ҳақиқат сўзин,
Улуғ каттанинг қилмас эрди юзин.
Ҳақиқатни, ҳатто, шоҳ олдида ҳам
Мудом айтар эди, емай асло ғам.
Императорлик сиёсий агенти гумашталари ҳам Саҳбо каби ҳур фикрли кишилардан қўрқар эдилар. Улар 1915 йилда амир ва қушбеги мамлакатидаги амир сиёсатига ва Россиянинг Бухоро ишларига аралашувини танқид қилаётган кишиларни чақириб улардан тилхат олиш, уларни қаттиқ назорат остига олишни буюрдилар. Шундай тилхат Саҳбодан ҳам олинди»,-сўзлайди суҳбатдош.
Россия элчихонаси вакиллари, ҳатто, Саҳбони чақириб, у билан суҳбатлашишган. У ўз сўзида Бухоро халқининг қашшоқлигига, унинг норозилигига биринчи Бухорода ўз ҳукмини ўтказаётган Россия ва унинг гумаштаси бўлган амир сабабчи эканликларини баралла, қўрқмасдан айтган.
«Очиқдан-очиқ кесиш, сўйишлар, салгина шубҳалик бўлган кишиларга «ур-йиқитлар» бошланди. Қон билан маст бўлган амир ҳукумати икки-уч ҳафтанинг ичида фақат жадидлар ва ёш бухороликлар билангина эмас, балким Оврупо таҳсилини кўрган, газета ўқийдирган ва шу сабабли ўзига қарши ва тескари ҳаракатчи бўлиб кўринган бутун кишилар билан ҳисоблашди. Ҳаммасини жазолади, улар билан ваҳшийларча ишлар қилди. Мана шу сўйиш ва кесишлар вақтида жадидлар ва ёш бухороликлардан ҳамма, уларга хайрихоҳ бўлганлардан жамъиси 1500 киши дунёдан ўтказилди. Ўлдирилганлар ичида амирнинг амалдорларидан жуда кўп кишилар бордир. Улардан, айниқса, машҳурликлари орасида Мирза Мустафо, Насруллобек (17 кишилик оиласи билан), Мирзо Аҳмадбек (ўғли билан), ҳожи Закариё Азимов, Ҳожи Дотҳо, Исломқул Тўқсабо, Қози Абдусамад, Қози Саиджонлар қаторида Мирзо Саҳбо ҳам бор эди»,-дейди Шавкат Бобожонов.
1917 йил апрель воқеаларидан кейин Саҳбо Арк обхонасида амир фармони билан қамалган. Бир неча ойдан кейин амир фармони билан Қабадиёнга сургун қилинган. Колесов воқеаларидан кейин ўша ерда 1918 йилда фожиона қатл этилган. Садриддин Айний унинг «янгилик ва ҳақгўйлик қурбони» бўлганлигини таъкидлаган. Даставвал, Саҳбони Мири Қубодиён қалъаси девори остида тошбўрон қилиб ўлдиришган, сўнгра маҳаллий ҳоким Муҳаммад Раҳимбек буйруғи билан жасадини отнинг думига боғлаб, эчкига айлантириб, Хўжағозён тоғи этагига олиб боришган. Айтишларича, амир уни кўмишга қўймаган. Юқори Ғузорлик кекса Мулло Мухторнинг айтишича, марҳум шоирнинг қонга беланиб, озиб кетган жасадини баъзи меҳрибон ва художўй кишилар олиб келиб, Қиёт Қубодиён қабристонига яширинча дафн этишган. Шоирнинг қабри Қиётян қишлоғидан икки километр узоқликда жойлашган. Ўша даврдаги даҳшатли вазиятда шоирни дафн этишга ҳамма ҳам журъат эта олмаган.
1920-1924 йилларда Бухоро шаҳрининг Лаби ҳовуз даҳаси Истемур маҳалласидаги шоир яшаган кўча Саҳбо номи билан юритилган. 1980 йилда Саҳбонинг ўз қўли билан кўчирилган жами 550 туркий ва форсий шеърлардан иборат девони топилган.
«Саҳбо қатл этилган Қўбодиён ҳозирги кунда Тожикистон Республикаси Хатлон вилоятига тўғри келади. Халқимизнинг ғурурли фарзандига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, унинг қабрини танитиб, ободонлаштиришга мажбурмиз. Чунки озодлик ва таълим йўлида шаҳид бўлган ёзувчи, олим, атоқли давлат арбобининг қабри зиёратгоҳга айлантириш ҳам қарз, ҳам фарздир»,-дейди Шавкат Бобожонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter