Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Мактабларнинг таъмири кимнинг гарданида?

Мактабларнинг таъмири кимнинг гарданида?

Қачон мактабларни янги ўқув йилига тегишли ташкилотлар тайёрлайди?

Фото: «kazved.ru»

Ўқитувчиларимизда муаммолар жудаям кўп. Бу ҳақда ўзбек матбуотида кўп ёзилди. Охири бечора ўқитувчиларнинг нолалари президентга етди. Кеча Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан бош вазир Абдулла Арипов бюджет ташкилотларининг, хусусан ўқитувчиларнинг ва соғлиқни сақлаш ходимларининг мажбурий меҳнатга олиб чиқилишини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказди. Унда қатор вилоят раҳбарларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига жалб қилингани учун ҳайфсанлар, танбеҳлар берилди ва ҳокимлар қаттиқ огоҳлантирилди.

Ўқитувчиларнинг ўзларига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилиниши анчадан бери жамиятимиз учун оғриқли масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Энди бу иш барҳам топади. Ҳарҳолда шундай деб умид қиламиз, ишончимиз катта! Аммо ўқитувчиларнинг муаммоси бу билан тугамайдиганга ўхшаяпти. Президентнинг 2017 йил декабрь ойида чиқарган қарорига кўра таълим муассасалари металлом йиғиш ишларидан озод қилинди. Аммо баъзи жойларда бу иш «ихтиёрийлик» асосида давом эттирилаётганини эшитдик. Нима бўлганда ҳам бу қарордан кейин кўп жойларда таълим муассасалари металлом йиғиб беришдан қутулди. Энди эса мутасаддилар томонидан турли ишларга жалб қилинишдан ҳам қутулишади. Аммо яна бир масала бор: ўқитувчиларни синфхоналарни таъмирлашдан ҳам озод қилишимиз керак.

Қонун ҳужжатларига, турли ҳисоботларга қарасангиз мамлакатимиздаги барча мактаблар давлат томонидан таъмирланаяпти. Амалда эса аксарият мактаблар ўқувчилар орқали ота-оналардан пул йиғилиб ўқитувчилар томонидан таъмирланмоқда ва ҳеч бир ҳисоботда «фалон мактаб ота-оналардан йиғилган пул ҳисобига таъмирланди» деган ёзувни кўрмайсиз.

Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» дейилган.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ва Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Молия вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейларни, шу жумладан идоравий бўйсунувдагиларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини устахона ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини, бошқа инфратузилма объектларини барпо этишни молиялаштириш ҳисобланади.

Уч-тўрт кун аввал ўғлим «ота, ўқитувчимиз айтди, ремонтга пул берар экансиз» деб қолди. Шу пайт менинг яна «закунчилигим» тутди-ю «бориб ўқитувчингга отамнинг ўзи олиб келиб берар экан деб айт» деб уни мактабга жўнатиб юбордим. Ўғлимни жўнатдиму, ўтириб «бекор қилдим, ўғлимга пул берсам бўларди» деб ўйладим ва мендан пул ололмай бир хўрсиниб қўйган ўғлимга, ўғлимдан пул ололмайдиган ўқитувчисига раҳмим келди. Мактабларда болалардан «ремонтга» деб сўралаётган пул унча катта маблағ эмас. Арзимаган пул. Кўчада бир марта овқатланишга ҳам етмайдиган маблағ. Аммо мактаблар давлат таъминотида-ку. Демак, бизнинг мактабга ҳам ёзда янги ўқув йилига синфхоналарни таъмирлаб қўйиш учун пул ажратилади. Аммо ўша ажратилаётган пуллар қаерга кетаяпти? Ўша пулларни кимлар туя қилаяпти?

Шуларни била туриб ҳам, гарчи арзимас бўлса-да, нега ўша пулни беришим керак? Қолаверса, болалардан сўралаётган пулни арзимас деяпману, аммо аксарият оилаларнинг уч-тўрттадан боласи мактабда ўқишини инобатга олсак, бир оиладан кетадиган маблағ анча салмоқли сумма бўлиб қолади. Бунинг устига ўша «арзимаган пул»ни топган бор, топмаган бор.

Бугун укамникига бордим. Қарасам, бешинчи синфда ўқийдиган ўғли «мактабга бормайман» деб йиғлаб ўтирибди. Отаси эса уни кўндира олмай ҳалак. Сабаби билан қизиқсам, укам ўғлига мактаб ремонтига деб ўн минг сўм бераяпти, аммо ўғли кўнмаяпти. Унинг айтишича, синфидаги болаларнинг баъзилари ремонтга деб қирқ минг, эллик мингдан пул беришган. Ҳатто айрим қизлар ҳам йигирма минг, ўттиз мингдан берган. Укамнинг ўғли ҳам «камида ўттиз минг берасизлар, бўлмаса болалар устимдан кулишади, акс ҳолда мактабга бормайман» деб йиғлаб ўтирган экан. Укам уни «ўқитувчингга отам ўзи яна олиб келиб берар экан деб айт» деб мактабга жўнатди.

Мен ўзига тўқ, топиш-тутиши яхши ота-оналарнинг болалари ўқийдиган мактабларга молиявий ёрдам қилишларига қарши эмасман. Аксинча, буни қўллаб-қувватлайман. Аммо бу иш ҳаммага мажбурий бўлмаслиги керак. Ёрдам беришга имконияти борми, марҳамат, ёрдам бераверсин. Лекин имконияти йўқларни тинч қўйишсин. Яна болаларни «нега пул олиб келмадинг?» ёки «нега кам пул олиб келдинг?» дея синфдошлари олдида уялтиришмасин.

Шунингдек, мабодо ўзига тўқ ота-оналар боласи ўқийдиган мактабга қандайдир ёрдам берар экан, мамлакат бўйича бунақа ёрдамнинг ҳисоб-китоби юритилиб, аҳоли хабардор қилинсин. Бу масаланинг бир жиҳати.

Иккинчи муҳим жиҳати шуки, ўқитувчи қачонгача ўз ўқувчилари орқали тиланчидек пул йиғади? Эсимни таниганимдан бери биламан, ўқитувчилар ўзига бириктирилган синфхоналарни чиройли қилиб оқлаб, янги ўқув йилига тайёрлаб қўйиши керак. Йиғ-йиғларнинг асосий сабабларидан бири шу. Қачон ўқитувчиларимиз фақат ўз ишлари билан шуғулланади? Қачон мактабларни янги ўқув йилига тегишли ташкилотлар тайёрлайди? Бу муаммо ҳам президент аралашсагина ўз ечимини топадими?

Масаланинг учинчи жиҳати шуки, таълим муассасалари давлат томонидан, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан капитал ва жорий таъмирланиши керак экан, ўша пуллар қаерга кетаяпти? Кечаги йиғилишда бош вазир вилоят ҳокимларидан ободонлаштириш ишларига ажратилган маблағлар қаерда ва қандай ишлатилганини сўради. Шундай экан, энди мактабларни таъмирлаш учун давлат ва жамғарма ажратаётган пуллар қандай ишлатилаётганини сўраб-суриштирадиган вақт келмадими?

«Ўзи нима хоҳлайсан?» деб сўранг. Мен авваламбор ўқитувчиларнинг дарс беришдан бошқа ҳар қандай ишдан озод қилинишини хоҳлайман. Яна ўқитувчиларнинг эрталаб мактабга келишини, белгиланган дарсларини ўтиб уйларига қайтишини, бўш вақтларида ўз муаммолари билан шуғулланишини, оилаларига етарлича вақт ажратишини, ёзда бериладиган таътилини ўзлари хоҳлагандай ўтказишини, «ихтиёрий равишда ўзи чиқаяпти» деб турли ишларга мажбурланмаслигини хоҳлайман. Ана шундагина биз таълим сифатини бироз бўлса ҳам кўтара оламиз.

Албатта, бу фикримга қўшилмайдиганлар ҳам бўлади. Уларнинг мулоҳазалари билан ҳам танишсак ёмон бўлмасди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг