Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

МакГрегор ўзбек тилида гапирди. Хакатон очилишидан репортаж

МакГрегор ўзбек тилида гапирди. Хакатон очилишидан репортаж

Тошкентда «Open Data Challenge 2018» (Хакатон) танлови ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. 2018 йилнинг 30 ноябрь куни танловнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда очиқ маълумотлар ғоясини янада оммалаштириш мақсадида ташкил этилган бу тадбирни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Бобур Абдуллаев очиб берди.

Маросимга ташриф буюрган мартабали меҳмонлардан бири — Eвропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг лойиҳалар координатори Жон МакГрегорнинг ўзбек ва инглиз тилида нутқ сўзлади. «Ҳеч нарса миллат келажагидан-да муҳимроқ бўла олмайди. Бугунги танлов Ўзбекистон келажагига катта ҳисса қўшади», — деди МакГрегор ўзбек тилида.

Шунингдек очилиш маросимида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Фарид Караханов ва Тошкентдаги Инҳа университетининг биринчи проректори Во Суг Чо ҳам сўзга чиқиб, Хакатон иштирокчиларига омад тилашди.

«Электрон ҳукумат» маркази директорининг биринчи ўринбосари Д.Отажонов «Ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги очиқ маълумотларнинг ўрни ва унинг Ўзбекистондаги ҳолати» мавзусида тақдимот ўтказди. 

Бундан ташқари, тадбирда таниқли мутахассислар томонидан яна бир нечта тақдимотлар ўтказилиб, улар ўз билим ва тажрибаларини ёшлар билан ўртоқлашишди.

Тадбир давомида берилган қизиқарли ва фойдали маълумотлар асосида савол-жавоблар ўтказилиб, фаол ва билимдонларга махсус совғалар топширилди. 

«Биз танловда ғолиб бўламизми ёки йўқми — билмаймиз, лекин ўзимизни синаб кўрмоқчимиз. Хакатонда олган билим ва тажрибаларимизни келажакда амалиётда албатта қўллаймиз», — деди танловнинг 12 ёшли иштирокчиси, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7 «А» синф ўқувчиси Маҳаматрасулжонов Муҳаммадюсуф.

Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар учун умумий йиғилиш ўтказилиб, унда ўтган йиллардаги танлов ғолиблари, тренерлар ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда тақдимотлар ўтказишди.

Эстатиб ўтамиз, «Open Data Challenge 2018» Хакатони ғолиблари 7 декабрь куни тақдирланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг