Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазирлиги Юлдуз Усмонованинг концертдаги «насиҳати»га муносабат билдирди

Маданият вазирлиги Юлдуз Усмонованинг концертдаги «насиҳати»га муносабат билдирди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётган, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастуридан ёзиб олинган видеолавҳа юзасидан Маданият вазирлиги муносабат билдирди.

Муносабатда таъкидланишича, «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўтаётган концертнинг 12 март кунидаги дастурида техник носозлик туфайли саҳна пардаси тўлалигича очилмай қолган ва бунга томошабинлар эътироз билдирган. Хусусан, улардан бири қўпол оҳангда бақирган. Натижада Юлдуз Усмонова буни ҳақорат деб тушунган ва эмоцияга берилиб кетиб, концертга ташриф буюрган томошабинларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган.

«Шуни қатъий таъкидлаймизки, санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолай олиши, ўзини тута билиши, муомала маданияти, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, айниқса, саҳнада, мухлислар билан мулоқот жараёнида уларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, ҳурматини жойига қўйиши шарт. Бу унинг маънавий бурчи ҳисобланади. Маданият вазирлиги ушбу тартиб-қоидаларга зид равишда қилинган ҳатти-ҳаракатларни ҳеч қачон ёқламайди ва кескин қоралайди.

Албатта, концерт-томоша жараёнларида томошабинлар чекига тушадиган масъулият ҳам борки, юртдошларимиз масаланинг ушбу жиҳатига ҳам эътибор қаратишлари зарур. Яъни, санъаткордан маданият талаб қиладиган, унга эътироз билдирадиган жамият, айни пайтда, жамоат жойида ўзини тутишни билмайдиган, этика қоидаларини қўпол равишда бузиб, омманинг маданий ҳордиқ олишига, кайфиятига салбий таъсир ўтказадиган ва халақит қиладиган томошабинларни тартибга чақириб, керак бўлса, уларга танбеҳ бериши ҳам лозим. Шунда ҳаммаси адолатдан бўлади.

Биз илм-маърифатда буюк тарих яратиб, юксак маданиятимиз ва маънавиятимиз билан дунё аҳли ҳурматига сазовор бўлиб келаётган халқмиз. Ҳар биримиз мана шу масъулиятни бир зум ҳам унутмаслигимиз шарт. Ана шунда ўсиб келаётган ёш авлодга ҳам яхши фазилатларимиз билан ибрат бўламиз», — дейилади вазирлик муносбатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг