Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санъаткорларга концерти сценарийсини тасдиқлатиб олиш мажбурияти юкланиши мумкин

Санъаткорларга концерти сценарийсини тасдиқлатиб олиш мажбурияти юкланиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона Низомнинг 11-иловасининг матнига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи тадбир ташкилотчиси амалдаги тартиб бўйича сўраладиган ҳужжатларга қўшимча равишда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига ўтказиладиган концерт-томоша тадбирининг батафсил тафсилотларигача ёритиб берилган аниқ сценарийсини (талабгор томонидан киритилган ҳужжатлар келишиладиган органларга ҳам бир вақтнинг ўзида юборилади) тақдим этади.

Хулоса олиш учун Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи тадбир ташкилотчиси томонидан ҳужжатлар тадбир ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин тақдим этилади.

Ҳужжат билан шунингдек, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи тадбир ташкилотчиларидан аризани кўриб чиқиш учун тегишли тартибда йиғим ундирилиши белгиланмоқда.

Яъни, йиғимлар қуйидаги тартибда ундирилади:

  • Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари;
  • вилоят марказларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари;
  • бошқа аҳоли пунктларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида.

Мазкур йиғим фақатгина концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи ташкилотчилардан ундирилади.

Шу билан бирга рухсат беришга оид талаб ва шартларга ҳам қўшимчалар киритилмоқда.

Яъни концерт берувчидан:

  • тадбир давомида миллий анъаналар ва қадриятларни ҳурмат қилиш ҳамда саҳна маданиятига амал қилиш;
  • тадбирни рухсатномада кўрсатилган сана, белгиланган жой ва вақтда ўтказиш;
  • тадбир ўтказиладиган сана ёки жой, тадбир дастури ёки сценарийсига ўзгартириш киритиш зарур бўлганда, бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига дарҳол хабар бериш сўралади.

Масъул ходим(лар)га эса қуйидаги ҳуқуқлар бериляпти:

  • тадбирнинг репетицияларида иштирок этиш;
  • тадбир ташкилотчисидан тадбирга доир зарур ахборотларни сўраб олиш;
  • белгиланган талабларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, тадбир ташкилотчисидан уларни дарҳол бартараф этишни талаб қилиш.

Маълумот учун, амалдаги тартиб бўйича тегишли ташкилотга тадбир ташкилотчиси томонидан тасдиқланган оммавий тадбирнинг дастури тақдим қилинади. Ушбу дастур эса ўзида тадбирнинг мақсади, манзили, санаси ва вақти ҳамда мутасадди шахслар ҳақида маълумотларни сақлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг