Курскка ҳужум қилишда Зеленскийга кимлар қаршилик қилганди?
Украина президенти Владимир Зеленский Курск вилоятига ҳужум қилиш ғоясини илк бор 2024 йил бошида ўйлаб топган, деб ёзади Politico Украинанинг икки ҳарбий манбасига таяниб.
Уларга кўра, Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужний ва яна бир қанча қўмондонлар бу таклифга қарши чиққан.
Манбаларга кўра, Валерий Залужний президентдан Курск вилоятида ҳудудлар эгаллагандан сўнг можарони ривожлантириш вариантлари ҳақида сўраган. «У Зеленскийдан ҳеч қачон аниқ жавоб олмади. У буни таваккал иш деб ҳисоблади», деди Politico манбаларидан бири.
80-ҳаво ҳужуми бригадасининг собиқ қўмондони Эмил Ишқулов ҳам Курск вилоятидаги амалиётга қарши чиқди. Унинг фикрича, Украина ҳарбийлари «Россия ҳудудида жуда заиф бўлиб қолиши ва йўқотишлар сони кескин ошиши» мумкин. Кейинчалик у ҳам ишдан бўшатилди.
Август ойида Олий Рада депутати Маряна Безуглая Валерий Залужний Курск вилоятига қилинган ҳужумга қарши чиққани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, у бу ғояни Украина Қуролли кучларининг амалдаги бош қўмондони Александр Сирский қўллаб-қувватлаганини айтди.
8 февраль куни Владимир Зеленский Валерий Залужний ўрнига Александр Сирскийни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинлади. Май ойида жаноб Залужний Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter