Кремль чечен амалдорининг қўлга олиниши воқеасига аралашмайди
Кремль Чеченистон Фавқулодда вазиятлар вазири Алихан Цакаевнинг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятга аралаша олмайди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«Бу Кремлнинг ваколати эмас, бу йўл ҳаракати хавфсизлиги учун масъул бўлган тегишли органлар ва бошқа идораларнинг ваколати, шунинг учун Кремль бунга аралаша олмайди», деб тушунтирди Кремль вакили.
Цакаев Доғистонда қўлга олингани ҳақида 17 апрель куни маълум бўлди. Воқеа 14 апрель куни содир бўлган. Хабар қилинишича, генерал қора GMC йўлтанламас машинасини бошқариб, маҳаллий йўл полицияси ходимлари эътиборини тортган.
Айрим нашрлар унинг маст бўлганини қайд этди. Натижада, машина автотранспортга қарши тўсиқ ёрдамида тўхтатилган. Ҳайдовчи машинадан судраб тушилиб, ерга юзтубан ётқизилган. Унинг ёнида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров, ўз навбатида, воқеани провокация деб атади. Унинг сўзларига кўра, Цакаев қўпол қоидабузарликка йўл қўймаганига қарамай, бу ҳаракатларнинг барчаси тушунтиришсиз тарзда амалга оширилган.
22 апрель куни Россия Ички ишлар вазирлиги Цакаев билан содир бўлган воқеа бўйича тергов натижаларини эълон қилди. Бошқарма маълумотларига кўра, вазирлик томонидан исми-шарифи ошкор этилмаган қоидабузар автомобилни қарама-қарши йўлда бошқариб, ходимларга ҳужжатларни кўрсатишдан бош тортиб, қочишга уринган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter