Экспертлар: “Бу ҳодиса Россиянинг заиф нуқталарини фош қилди”

1 июнь куни Украина хавфсизлик хизмати “Ўргимчак тўри” деб номланган махсус амалиёт доирасида Россиянинг 41 та стратегик учоғини йўқ қилгани ҳақида хабар бергандик.
Украина томони Россиянинг ички ҳудудларига – Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязань ва Амур вилоятларидаги беш аэродромга дронлар орқали ҳужум уюштирган.
Киев махсус операция оқибатида Россия 7 млрд доллар зарар кўргани, Россиянинг асосий аэродромларида жойлашган стратегик қанотли ракета ташувчиларининг 34 фоизи сафдан чиқарилганини маълум қилган.
Украина президенти Владимир Зеленский “Ўргимчак тўри” операциясини “тарих дарсликларига киритиладиган” муваффақиятли амалиёт деб баҳолаган.
Экспертлар ушбу йирик амалиётнинг сабаб-оқибатларини кенг муҳокама қилмоқда.
“Йўқ қилинган учоқларга доир Украина томони очиқлаган маълумотлар тўғри бўлса, у ҳолда, бу – Россиянинг стратегик бомбардимончи флотига берилган мисли кўрилмаган жиддий зарбадир”, – дейди ҳарбий эксперт Карло Масала.
Bild нашри ҳарбий таҳлилчиси Юлиан Рёпке фикрича, Россия тасарруфидаги 66 та Ту-95 ва Ту-160 русумли стратегик бомбардимончи учоқдан 22 таси шикастланган.
“Бу ҳолат Россия ҳарбийлари (масалан, НАТОнинг йирик мамлакатига қарши) реал урушга тайёр эмаслигидан далолат беради. На ангар, на ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, на радиоэлектрон кураш тизими бор. Буткул ҳимоясиз бомбардимончи учоқлар бирин-кетин йўқ қилинди”, – деб ёзди Юлиан Рёпке.
Аксар таҳлилчилар 1 июнь кунги дронлар ҳамласи Россиянинг ожиз нуқталарини, хусусан, стратегик авиабазалар хавфсизлиги таъминланмаганини кўрсатди, деб ҳисоблайди.
“Йўқ қилинган учоқлар ўрнини тўлдириб бўлмас учоқлардир. Иккинчи жаҳон урушидан буён бирор бир йирик давлат бу қадар хўрланмаган эди”, – дейди америкалик журналист Боян Панчевски.
Экспертлар Украина чегарадан бир неча минг км олисга – Сибирдаги ҳарбий базага ҳамла қила олганини Россия учун хавотирли ҳол деб баҳоламоқда.
BBC’нинг қуролланиш бўйича таҳлилчиси Крис Партрижга кўра, эндиликда Россиянинг Украина ҳудудига учоқлар орқали қанотли ракеталар отиш имконияти тораяди.
Россия 2022 йил февраль ойидан буён Украина ҳудудига Ту-95 учоғи орқали Х-101 русумли қанотли ракеталар ёғдириб келган.
“Ўргимчак тўри” амалиёти давомида йўқ қилингани айтилаётган А-50 учоқлари эса қирувчи самолётларга маълумотлар етказиб турган.
Крис Партриж дронлар Россиянинг анъанавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтгани ва хавф ҳақида олдиндан хабар бериш тизими ишламаганини қайд этган.
Россиядаги Z-блогерлар, яъни урушни ёқловчи сайт ва каналлар эса 1 июнь кунги амалиётни Иккинчи жаҳон уруши давридаги Пёрл Ҳарбор амалиётига ўхшатган. Маълумот ўрнида: Япония томонидан 1941 йилнинг 7 декабрь куни АҚШнинг Пёрл Ҳарбордаги ҳарбий-денгиз базаси уюштирилган ҳужум оқибатида Қўшма Штатлар флоти катта йўқотишга учраган ва пировардида Вашингтон Иккинчи жаҳон урушига қўшилган эди.
Fighterbomber канали таъкидича, Украина уюштирган дронлар ҳужуми Россиянинг узоққа парвоз қилувчи авиацияси тарихидаги қора кун ҳисобланади.
“Бу стратегик ядро мувозанати кучларига тўғридан-тўғри зарбадир. Бу мамлакатимизнинг ядро муҳофаза қобилияти пасайганидан далолат”, – деб ёзади “Два майора” канали.
Аксар россиялик блогерлар шикастланган ёки йўқ қилинган бомбардимончи учоқларнинг аксари Совет Иттифоқи даврида ишлаб чиқарилгани ва сўнгги йилларда уларни ишлаб чиқариш тўхтатилгани, бинобарин, уларни қайта тиклаш жуда қийин бўлишига эътибор қаратган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter