«Конституция ўзимизники» – Чирчиқдаги ҳарбий билим юртида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида «Конституция ўзимизники» шиори остида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича навбатдаги тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари, билим юрти вакиллари, курсантлар, ўқитувчи ва профессорлар, чирчиқлик фаол ёшлар иштирок этган тадбирда дастлаб истеъфодаги ҳарбий Абубакр Наврўзов сўз олиб, Ўзбекистон армиясининг салоҳияти ҳақида гапирди.
«Юрт тинчлиги деган сўзни биз ҳарбийлар жуда яхши биламиз. Тинч юртда тараққиёт бўлади. Сўнгги йилларда қуролли кучларимизни ривожлантириш бўйича улкан ишлар олиб борилди. Натижада Ўзбекистон Қуролли кучлари жаҳондаги 40 та энг кучли армиялар қаторига қўшилди. Дунё мамлакатларида бўлиб ўтаётган мусобақаларда бизнинг ҳарбийларимиз фахрли ўринларни олиб қайтмоқда. Бу мусобақаларда кучли давлатларнинг кучли армиялари иштирок этаётганини ҳисобга олсак, бу ғалабаларимиз қадри нақадар юқори эканини тушунамиз. Бугун жаҳондаги ҳарбий мутахассислар бундан ҳайратланмоқда. Ўзбекистон буюк ва Ўзбекистоннинг Қуролли кучлари ҳам буюк ва бундан кейин ҳам буюк бўлади», – дейди Абубакр Наврўзов.
2000 йил Сариосиё воқеаларида душманга қарши урушда вафот этган ҳарбий хизматчи Нариман Абкелямовнинг хотини, кичик сержант Луиза Абкелямова Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлиб ўтган тарғибот тадбирида Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларга яратилган имконият ҳақида сўз юритиб, барчани референдумда фаол иштирок этишга чорлади.
Маълумот учун, Чирчиқ олий танк қўмондонлик мухандислик билим юртида олий ҳарбий офицер кадрлар тайёрланади. Мазкур билим юрти Марказий Осиёда ягона саналади. Бугунги кунда ушбу билим юртига полковник Мамажонов Шавкатбек Ҳусанбоевич раҳбарлик қилмоқда ва унда 700 дан ошиқ бўлажак офицер курсантлар таҳсил оляпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter