«Кўк устун» немисларга нега керак?
Худди бизда ҳозир йўл бўйларига жуда кўплаб фоторадарлар ўрнатилаётгани каби, Германияда ҳам федерал йўллар ёқаларига «кўк устун»ларни ўрнатиш авж олган. Ҳайдовчилар ҳайрон, чунки булар ҳам машинани суратга олади, бироқ тезликни оширганлик учун жарима хатлари ҳали ҳеч кимга келгани йўқ. Савол туғилади: улар нима вазифани бажаради?
Кейинги ойдан, аниқроғи, 1 июлдан Германия йўллари четига ўрнатилган «кўк устун»лар ишга тушади, деб хабар бермоқда «T-online.de» сайти. «Кўк устун»ларга енгил машиналар ҳайдовчилари парво қилишмаса ҳам бўлади, чунки булар юк машиналари учун мўлжалланган.
«Toll Collect» жамоатчилик ташкилоти ўз сайтида хабар беришича, Йўл ҳаракатини бошқариш маркази «кўк устун»лар олган суратлар асосида тегишли йўл божини тўлаган-тўламаган юк машиналарини аниқлаб боради.
«Кўк устун»лар бир қанча федерал йўллар: Вер—Лахенграбен, Ҳедемюнден—Витценҳаузен, Крёгис—Зоппен, Битбург—Майлбрюк дам олиш зонаси йўналишларида, шунингдек, Цуров атрофида дастлабки синовдан ўтади.
Германия транспорт вазирлиги жами 600 та «кўк устун» ўрнатишни режалаштирган.
Эслатиб ўтиш керакки, Германияда умумий оғирлиги 7,5 тоннадан юқори барча транспорт воситалари алоҳида йўл божини тўлашлари шарт.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter