Ўтган йили чорак миллиондан ортиқ киши Германия фуқаролигини олган

Германия ўтган 2024 йил давомида 291 955 нафар чет элликни ўз фуқаролигига қабул қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 46 фоиз кўп бўлиб, тарихий рекорд сифатида қайд этилди.
Мутахассислар бундай кескин ўсишни фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгаришлар билан изоҳлашмоқда. 2024 йил июнь ойидан бошлаб, Германияда фуқаролик олиш учун керакли яшаш муддати 8 йилдан 5 йилга (айрим ҳолларда 3 йилгача) қисқартирилган эди.
Шунингдек, энди фуқароликка ўтишда аввалги фуқароликдан воз кечиш ҳам талаб этилмайди. Бу ўзгариш айниқса, Германияда 1960–70 йиллардан бери меҳнат муҳожири сифатида яшаб келаётган турк фуқаролари учун катта имконият яратди.
Энг кўп фуқаролик олганлар — 2015–2016 йилларда уруш ва таъқибдан қочиб, Германияга келган сурияликлар бўлди. 2024 йилда уларнинг катта қисми фуқаролик олиш ҳуқуқига эга бўлди ва улар янги қабул қилинган фуқароларнинг 28 фоизини (83 150 киши) ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп.
Сурияликлардан кейинги ўринларни турклар (8 фоиз), ироқликлар (5 фоиз), россияликлар (4 фоиз) ва афғонлар (3 фоиз) эгаллади.
Энг катта нисбий ўсиш россияликлар орасида кузатилди — 2023 йилда 1 995 киши Германия фуқаролигини олган бўлса, 2024 йилда улар сони 12 980 нафарга етди
Бироқ, мамлакатдаги янги коалицион ҳукумат (консерваторлар ва ижтимоий демократлар) мазкур енгиллаштиришларни қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Улар қисқа муддатли фуқаролик бериш сиёсати миграциянинг ортишига ва жамоатчиликнинг эҳтимолий норозилигига сабаб бўлишини таъкидлашмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter