Коинотнинг муҳим қонунлари ҳақидаги ноёб китоб топилди
Францияда Исаак Ньютоннинг «Табиий фалсафанинг математик асослари» асарининг биринчи нашри намунаси топилди. Унда коинот бўйлаб жисмларнинг ҳаракатланишини тасвирлайдиган классик механиканинг учта муҳим қонуни ифодаланган. Бу ҳақда «Phys.org» пресс-релизида маълум қилинди.
Ноёб китоб Корсика ороли Аяччо шаҳридаги Феш кутубхонасидан чиққан. У 1687 йилда лотин тилида чоп этилган XVII асрга тааллуқли асарнинг илк намуналаридан бири ҳисобланади. Асар асосий залнинг юқори токчаларида бўлган. Кутубхона ходимларининг сўзларига кўра, китоб Наполеон Бонапартнинг укаси, кутубхона асосчиси Люсьен Бонапартнинг библиографик кўрсатмаларини ўрганиш натижасида топилган.
Оригинал нашрларни коллекционерлар юксак баҳолашади. Лотин тилида ёзилган асар намуналаридан бири «Кристис» аукционида 3,7 миллион долларга сотилган.
Бу Феш кутубхонасида аниқланган биринчи топилма эмас. Бир неча йил муқаддам унинг фондлари чуқур таҳлил қилина бошлади. 2018 йилда «Thesaurum Hyeroglyphicorum» нашри тақдим этилган — 1610 йилга тааллуқли Миср иероглифлари бўйича тадқиқот иши.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter