Франция компанияси Шоҳимардонда 45 млн евролик туристик марказ қуради

Франциянинг йирик Montagne et Neige Développement (MND) компанияси президенти Хавиер Галлот-Лавалле ва компаниянинг МДҲ давлатлари, Болқон, Туркия ва Покистон бўйича минтақавий савдо директори Орхан Ширин Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлиб ўтган учрашувда «Шоҳимардон» туризмига катта қизиқиш билдирган.
Учрашувда, жумладан, Фарғона туманида жойлашган Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари учун таклиф этилаётган туризм лойиҳалари муҳокама қилинди.
Тоғ ҳудудларида сайёҳлик объектларини барпо этишда бой тажрибага эга бўлган MND компанияси айни пайтда Тошкент вилоятида ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, компания дунё бўйлаб 49 та давлатда муваффақиятли лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани қайд этилди.
Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида амалга оширилиши режалаштирилаётган қиймати 45 млн евро бўлган янги лойиҳа доирасида ҳам сайёҳлар учун тоғли ҳудудда арқон йўли, осма кўприклар, томоша йўлаклари ва майдонлари, турли аттракционлар барпо этилади.
Лойиҳага кўра, 100 та янги иш ўринлари яратилади. Учрашувда билдирилган таклифлар Фарғонада туризм салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter