Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой кутубхоналари таассуротлари: ёзма меросни сақлаш ва оммалаштириш

Хитой кутубхоналари таассуротлари: ёзма меросни сақлаш ва оммалаштириш

Яқинда Хитойнинг Нанкин шаҳрида Ипак йўли халқаро кутубхоналар альянси бўлиб ўтди. Хитой Миллий кутубхонаси томонидан ўтказилган «Кутубхоналарнинг маданий мероси ва барқарор ривожланиши» мавзуcидаги ушбу халқаро анжуманда Ўзбекистон, Бангладеш, Вьетнам, Лаос, Эрон, Малайзия, Монголия, Мьянма, Россия, Сингапур, Таиланд, Ямайка, Тринидад ва Тобаго каби мамлакатлардан 24 та хорижий ва 41 та маҳаллий кутубхона раҳбарлари иштирок этди.

Маълумот учун: Ипак йўли халқаро кутубхоналар альянси (SRILA)га ҳозирда 49 та давлат аъзо ҳисобланади.

Конференциянинг асосий мавзуси кутубхоналарда сақланаётган маданий меросни асраш, реставрация ва консервация ишларини ташкил этиш, манбаларни рақамлаштириш, сунъий интеллект ёрдамида китобхонларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишнинг янги шаклларини жорий қилиш орқали маълумотларни узоқ муддат сақлаш масалаларига бағишланди. «Ўзбекистоннинг ёзма мероси: манбаларни сақлаш ва оммалаштириш сари» мавзусидаги тақдимотимизда мамлакатимизда сақланаётган ёзма маданий мерос, ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси дастурига киритилган манбалар, Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги нодир нашрлар, уларни сақлаш, консервация ва реставрация жараёнлари ҳамда уларни кенг оммага танитиш ишлари хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 1909 йилда асос солинган Хитой Миллий кутубхонаси дунёдаги энг йирик кутубхоналардан бири – бугунги кунда 44 миллион нусхадан зиёд фондга эга. Бундай улкан маънавий хазинанинг сақланиши, рақамлаштирилиши ва замонавий ахборот ташувчиларда фойдаланиш имкониятлари борасидаги тажрибаларни ўзлаштириш бизнинг китобхонлик тизимимиз ривожида ҳам муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, Нанкин шаҳрида жойлашган ва 12,4 миллион фондга эга Нанкин оммавий кутубхонаси ҳам Хитойнинг миллий маданий меросини асраб-авайлаш ва китобхонлар учун замонавий имкониятлар яратиш борасида етакчи масканлардан. Нанкин оммавий кутубхонаси ҳамда Пекиндаги Миллий кутубхона фаолияти билан танишиш асносида гувоҳ бўлганимиз: ҳар икки кутубхона фаолиятида ҳам босма китоблар ўқишга эътибор ҳеч қачон сўнмаган. Китобхонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, кутубхона тартиб-қоидаларига риоя қилиш, кутубхоначиларнинг касбий нуфузи юқори даражада сақланмоқда.

Сафар давомида кутубхоналарнинг ахборот-ресурс базаси, интеллектуал хизмат кўрсатиш, нодир асарларни сақлаш ва тиклаш лабораториялари билан танишиш орқали яна бир бор китоб ва кутубхона миллат тафаккури, маънавияти эканлигини ҳис қилдик.

                                                                                                                              Умида Тешабаева,

Алишер Навоий номидаги

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг