Кўча, майдон, метро бекати ва санъат саройига «Халқлар дўстлиги» номи қайтарилди
Бугун, 3 май куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги ўттиз олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Сессияда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ваколатига доир масалалар, жумладан Тошкент шаҳридаги баъзи географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилди.
Ёдингизда бўлса, Президентимиз 2018 йил 26 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳозирда «Истиқлол» санъат саройи деб номланиб келаётган саройга, унинг олд майдонига ҳамда ўша жойдаги «Бунёдкор» метросига унинг аввалги «Халқлар дўстлиги» номини қайтариб қўйиш, шунингдек иккинчи жаҳон уруши даврида 14 фарзандни ўз бағрига олиб, миллатимизнинг бағри кенглигини намоён этиб жасорат кўрсатган Шомаҳмудовлар монументини жойига қайтариш ҳамда адолат ва тарихий ҳақиқатни қарор топтириш мақсадида, аввал Шомаҳмудовлар номи билан юритилган кўчага унинг номини қайта тиклаш юзасидан таклифлар бергани ҳақида хабар берган эдик.
Шу муносабат билан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг бугун бўлиб ўтган ўттиз олтинчи сессиясида «Истиқлол» санъат саройига унинг аввалги номи — «Халқлар дўстлиги саройи» номини бериш, сарой олд майдонини «Халқлар дўстлиги майдони» деб юритиш, «Бунёдкор» метро бекатини аввалги — «Халқлар дўстлиги метро бекати» деб қайта номлаш ҳамда Шайхонтоҳур тумани, Обиназир, Жарариқ маҳаллалари ҳудудида жойлашган Тошкўча кўчасига, кўчанинг аввалги номи — иккинчи жаҳон уруши даврида юксак инсоний фазилатларни намоён этган Шоаҳмад Шомаҳмудов номини бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Мавзуга доир: «Халқлар дўстлиги» майдонидаги қурилиш жараёнидан фоторепортаж
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter